Тўқимачилик ва тикув-трикотаж йўналишидаги тадбиркорларда солиқ текширувлари ўтказилмайди

Улашиш:

Тўқимачилик саноат зоналари дирекциялари ва уларда ташкил этиладиган корхоналар мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод этилади.

«Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди. 

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси масъуллари томонидан ташкил этилган тадбирда президент фармонининг мазмун моҳияти ҳамда барқарорлик рейтинги юзасидан тушунчалар берилди.

Фармонга мувофиқ, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган хомашё ва бошқа материаллар, бутловчилар ва эҳтиёт қисмлар 2027 йил 1 январгача божхона божидан озод қилинади. 

2024 йил 1 майдан 2026 йил 1 майгача «А» ва ундан юқори тоифадаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж йўналишидаги тадбиркорларда солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно), шунингдек, ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) 1 кун муддатда текширувларсиз амалга оширилади. 

Тошкент шаҳрида ва босқичма-босқич ҳудуд марказларидаги йирик савдо комплексларида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» (Made in Uzbekistan) бренди остида миллий маҳсулотлар дўконлари ташкил қилинади. 

Фармонга кўра, газлама, трикотаж мато ишлаб чиқариш ва бўяш ҳажмини ошириш учун инфратузилмавий ва молиявий шарт-шароитлар яратиш орқали ип-калавани қайта ишлаш даражаси 2027 йил якунигача босқичма-босқич 100 фоизга олиб чиқилади. 

Республикани «тўқимачилик хаби»га айлантириш ва камида халқаро даражада тан олинган 10 та маҳаллий брендларни яратиш устидаги ишлар манзилли ташкил этилади. 

2026 йил 1 январгача тўқимачилик саноат зоналари дирекциялари ва уларда ташкил этиладиган корхоналар мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод этилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.