2022 йил поёнига этиб бормоқда, унинг сўнгги ойлари Шараф Рашидович Рашидов ва Мирза Маҳмудович Мусахоновлар хотирасига бағишланган юбилей тантаналарига бой бўлди. Бу тадбирларда нафақат ўзбек жамоатчилиги, балки кенг жамоатчилик иштироки ҳисобга олинса, у деярли умумхалқ миқёсида нишонланди. Рашидов жамғармаси жуда фаол ва самарали фаолиятини давом эттирмоқда. Яқин ҳафталарда Мусахонов хотираларига бағишланган катта жилдли, жумладан, унинг шахсий хотиралари жамланган китобнинг тақдимоти бўлиб ўтади. Буларнинг барчаси кўнгилни шод этади. Лекин нега матбуот республика ва иттифоқ миқёсидаги яна бир йирик арбоб, Ўзбекистон раҳбари, КПСС Марказий Комитети Президиуми аъзоси ва котиби, СССРнинг Суриядаги элчиси сифатида тарих сарлавҳаларига муҳрланган Нуритдин Акрамович Муҳитдинов таваллудининг 105 йиллигини четлаб ўтганини тушунолмайман. Албатта, бу алоҳида мавзу.
Лекин атоқли олим ва ташкилотчи Ҳабиб Муҳамедович Абдуллаев юбилейининг деярли унутилиши мен тугул, юзлаб фан арбобларини ҳайратдат қолдирди. Биз бу улуғ шахснинг феномени ҳақида кўп гапиришимиз мумкин, зеро у ўзбеклар орасида биринчи бўлиб Ленин мукофоти лауреати, СССР Фанлар академиясининг биринчи мухбир аъзоси бўлганди. Ишонч билан айтиш мумкинки, Фанлар академиясининг навбатдаги умум йиғилишида Абдуллаев Иттифоқ академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланиши керак бўлган, аммо бундан 4 ой муқаддам Ҳабиб Муҳамедович кутилмаганда вафот этади.
Агар Абдуллаевнинг иш фаолияти назар солинса, барча соҳаларда унинг ўзига хос устунлигини ва етакчилиги кўзга ташланади. 1912 йил 18 (31) июлда Фарғона водийсининг Аравон қишлоғида таваллуд топган, 1936 йили Ўрта Осиё саноат институтини тамомлаган Ҳабиб Абдуллаев Москва геология-қидирув институти ва Ўрта Осиё политехника институтида дарс берган. Кейин 1941 йили Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг саноат бўлими мудири, бир йилдан сўнг республика Халқ Комиссарлари Совети раисининг ўринбосари этиб тайинланган ва шу идорада 6 йил ишлайди. Абдуллаев 1943 йили Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил этилганда унинг мухбир аъзоси, 1947 йили эса вице-президенти бўлди. Бу пайтда у Геология институти директори лавозимида ишлайди.
У 1956 йилдан 1962 йилгача олти йил давомида Ўзбекистон Фанлар академиясини бошқаради. Бу йиллар ўзбек фанининг барча йўналишларда гуллаб-яшнаган даври бўлди. Ҳабиб Муҳамедович Абдуллаев тарбияланган ўнлаб таниқли олимлар номини тилга олиш мумкин. Мажозий маънода, уларнинг барчаси бағрикенг Абдуллаев қаноти остида вояга етган полапонлар эди. У жуда қисқа вақт ичида ўзбек олимларининг иттифоқ ва халқаро майдонда эътироф этилишига эришаолган моҳир ташкилотчи ва раҳбар эди. Унинг ўзбек илмий-техник зиёлиларининг шаклланишидаги хизматлари беқиёсдир.
Биргина шунинг ўзи халқимизнинг Абдуллаевга нисбатан абадий миннатдор бўлишига омил бўла олади!
Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас – маъмурий бошқарув ишлари билан бандлигига қарамасдан Хабиб Абдуллаев геологик-минералогик тадқиқотларнинг энг муҳим йўналишларида ҳам жуда фойдали ишларни амалга оширди. Абдуллаевнинг асосий асарлари петрология ва руда конларига бағишланган эди. У ер қобиғида асосий минералларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши қонуниятлари назариясини илгари сурди. У Ўрта Осиё металлогенистлар мактаби, геологиядаги петрометаллогеник йўналишининг асосчиси бўлган. У барча геологик жараёнларнинг шимолдан жанубга қараб ёш жиҳатидан силжишини, руда ҳосил бўлишининг кўп босқичлилигини, унинг манбалари кўп поғонали бўлишини кўрсатиб берди; эффузив жинсларнинг руда ҳосил бўлиш жараёнида тутган ўрни ва тоғ жинсларининг миқдорий хусусиятларининг аҳамиятига доир саволларни ўртага олиб чиқди. Абдуллаев 1946 йили «Ўрта Осиё шеелит скарнлари геологияси» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Абдуллаев Ҳ.M. бутун ер шарининг руда-петрографик ҳудудлари таснифини ишлаб чиқди. Унинг раҳбарлигида Тян-Шан ва Помирнинг тектономагматик мажмуаларининг дастлабки схемалари ва металлогеник схемалари, Чотқол-Курамин ҳудуди хариталари яратилди. 1938 йили у Лангар вольфрам конини очди ва тасвирлаб берди, 1941 йили шу ерда унинг иштирокида вольфрам ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Абдуллаев уруш йилларида мудофаа саноати, жумладан, Лангар объекти учун масъул бўлди. Урушдан кейин, у Лангар руда кони асосида металлогения назариясини ишлаб чиқди.
Тушунаманки, ҳурматли ўқувчиларимиз ҳам мен каби бундай мураккаб ҳодисаларнинг сир-асрорларини ҳар доим ҳам тушуна олмайди. Зукко тадқиқотчимиз хулосаларининг кўлами, улуғворлиги ва истиқболини тахмин қилиш мумкин холос. Аммо бу унинг ҳамкасбларини - геология соҳаси вакилларини қувонтирарди, шунинг учун 1959 йили улар Абдуллаев номзодини постмагматик рудаларнинг шаклланишидаги гранитоидларнинг роли ҳақидаги илмий ишини мамлакатнинг энг юқори унвони - Ленин мукофотига илгари суришди. Ўша йиллари у Буюк Британия ва Ирландия Минералогия жамияти ҳамда Франция Геология жамиятига аъзо бўлди – Абдуллаев ўзбеклар орасида яна биринчи бўлди. Унинг ютуқлари бутун мамлакат миқёсида эътироф этилган - у СССР Олий Кенгашига депутат бўлиб сайланган. Бирин-кетин у Ленин ордени, Меҳнат Қизил Байроқ ордени ва учта Қизил Юлдуз ордени билан тақдирланган. Бироқ, ўша йиллари у партия Марказий Қўмитаси котиблари Титов ва Раҳимбобоевалар томонидан инсонни камситувчи текширув ва таҳлилларга ҳам дучор бўлган. Фан талабларидан йироқ бўлган бундай хатти-ҳаракатлар буюк олимни ранжитади, саломатлигига таъсир қила бошлайди. Ҳабиб Абдуллаев 1962 йил 20 июнда атиги 49 ёшида вафот этди.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг мамлакат илмий ва саноат салоҳиятини ривожлантиришга, жумладан йирик олтин конларини очишга улкан ҳисса қўшган академик Ҳабиб Муҳамедович Абдуллаев хотирасини абадийлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.
2002 йили Ҳ.Aбдуллаев «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Бунда унинг педагогик фаолияти ҳисобга олинган бўлса керак, зеро у 180 та илмий иш, шу жумладан 8 монография муаллифидир. Абдуллаев 7 нафар фан доктори ва 28 нафар фан номзодини тайёрлаган, улардан 9 нафари фан доктори, 1 нафари академик бўлиб етишди.
Ҳабиб Муҳамедович комил инсон эди, шу сабаб унинг оиласи тартиб-интизом, ҳаёт ва бурчга ижодий муносабатда бўлиш намунасини кўрсата олди. Уч фарзанддан иккитаси ўзини илм-фанга бағишлади, катта ўғли Пўлат эса МГИМОни тугатгандан сўнг СССР ва Россиянинг Жибути, кейин эса Камерундаги элчиси бўлган. Аммо бундан олдин у кўп йиллар давомида СССРнинг Брюсселдаги элчихонасида ишлаган, Москва, Нью-Йорк ва Женевада НАТО ва қуролсизланиш масалалари билан шуғулланган. Пўлат Абдуллаевнинг ўғли Хабибнинг Москвада ўзбек миллий-маданий жамиятини ташкил қилгани, меҳнат муҳожирлари учун «Ўзбегим» номли бепул газета чиқарганини четлаб ўтиб бўлмайди. Бу унинг ватанпарварлик бурчи, улуғ бобоси ўгитларига содиқлигини кўрсатади. Бундан ташқари, у Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги тизимида қимматли иш тажрибасига эга бўлгани учун 2018 йили «Буюк Келажак» экспертлар кенгашига таклиф қилинди, 2019 йили эса Навоий шаҳар Эркин иқтисодий зонаси раҳбари этиб тайинланди ва эътирофларга кўра, ҳозирда жуда фойдали меҳнат билан машғул.
Аммо, келинг, X.M.Aбдуллаевнинг қўп қиррали сиймосига қайтсак. Давлатимиз томонидан 1990 йилларни ўртасида унинг хизматлари эътироф этилган ҳолда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги проспект ва метро бекати академик Ҳабиб Абдуллаев номи билан аталди, илмий хизматлар учун эсдалик олтин медали ва олим номида стипендия таъсис этилди.
Бироқ, 2015 йили проспект ва метро бекати номи ўзгартирилди; медал ва стипендия берилмай қўйди. Академик Абдуллаев номи (шунингдек, янги Уйғониш даврига асос солган совет даврининг кўплаб олимлари) ҳақиқатда ҳам унутилиб кетди. Аслида гап Ўзбекистон равнақи, унинг халқаро нуфузи йўлида кўп меҳнат қилган шахс хотирасига беэътиборлик ҳақида кетмоқда. Президент Ш.M.Mирзиёевнинг 11 август куни Олмалиқ шаҳрида кўча номини ўзгартирилгани ҳақида куюниб «Бу кимга керак бўлганини тушунмаяпман», деганини ҳисобга олсак, бу ҳолат янада тушунарсиз бўлмоқда. Бу принципиал масала, чунки илм-фан ва замонавий технологиялар миллат равнақи йўлида туб аҳамият касб этаётган бир даврда академик Абдуллаевга нисбатан тарихий адолатнинг тикланиши муҳим рамзий воқеликка айланиши мумкин. Охир-оқибат тарихий тор тафаккурда айбланиши мумкин бўлган кимсалар ҳозирданоқ проспект ва метро бекатига (ҳозирги Юнусобод метро йўналишининг «Шаҳристон» бекати) академик Ҳабиб Абдуллаев номини қайтариш, янги ташкил этилган Геология фанлари университетига буюк олим номини бериш масаласини ҳозирданоқ ҳал қилишлари лозим.
Йиллар, ўн йиллар ўтади, кўп нарсалар, ҳатто йирик сиёсий арбоблар ҳам аста-секин унут бўлади, лекин фан ва маданиятдаги улкан ютуқлар инсониятнинг эзгу хотирасига абадий муҳрланиб қолади. Ҳабиб Абдуллаевнинг номи ва фаолияти бунга ёрқин мисолдир!
A.M.Xоджаев, фалсафа фанлари номзоди.