Ўзбекистон Республикаси герби 30 ёшга тўлди. Маълумки герби мустабид тузум даври дея аталадиган собиқ СССРнинг герби билан деярли ўхшаш. Ундаги пахта ва буғдой халқаси шу қадар мустаҳкам бўлганки, қолган ўзгаришлар декоратив характерда эканлиги сезилиб қолади. Конституциявий ислоҳотлар фонида ривожланишнинг ўзига хос ва ўзига мос йўлидан бораётган Ўзбекистон учун янги герб ҳақида ўйлаб кўрилиши мумкинми?
Герб тарихи, мавҳумликдаги қарор ва ўхшашлик
Ўзбекистон ССР герби дастлаб 1937 йилда қабул қилинган ва унда лотин алифбосидаги ёзувлар бўлган. 1947 йилда у кирил алифбосида ва минимал ўзгаришлар билан янгиланган ҳамда шу билан мустақилликкача республика рамзи бўлиб келди.
Иттифоқ республикалари гербларига разм солинса, улар яратилишида асосий икки жиҳатга эътибор қаратилгани билинади: 1. СССРнинг умумий элементлари сезилиб туриши шартлиги; 2. Республикаларнинг ўзаро фарқлари, эслатмалари ҳам айнан иттифоқ миқиёсида кўрилиши, яъни жаҳонга намоён қилиш деган тушунчанинг йўқлиги.
СССР тарқалиб, Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин, 1992 йилнинг 2 июлида алоҳида қонунга кўра ўз гербини қабул қилди. Яқинда бу сананинг 30 йиллиги ҳам нишонланади.
Герб қабул қилиниши ҳам нисбий мавҳумликда, ҳали иттифоқ тарқалгани у қадар ҳис қилинмаган, қабул қилувчиларнинг ўзлари ҳам бундай талотўплардан ҳайрон бўлиб турган даврга тўғри келган. Гарчи иттифоқнинг асосий рамзи бўлган қизил ранг, доимий оғир меҳнатни зиммасига олган халқни тамсил этадиган ўроқ-болғалардан воз кечилган бўлсада, Ўзбекистон учун маълум маънода тамғага айланган, аҳолини деярли қул қилиб юборган пахта ҳамда ғалла қуршовидан чиқиб кета олинмади.
Асосий ўзгаришларни намоён қилган ҳурлик рамзи сифатидаги саккизбурчак ҳамда унинг ичидаги ярим ой ва юлдуз, Ҳумо қуши ҳам ана шу рамзий халқа ичида қолиб кетаверди.
Пахта ёки буғдой ёмонми?
Инсоннинг ризқини етиштириб бераётган деҳқончиликдай улуғ касб йўқдир балки. Лекин собиқ иттифоқ герби моҳиятан халқимиз ҳамиша қора меҳнатда ўтишини англатиб тургандек эди. Замон шиддат билан ўзгармоқда, жисмоний меҳнат улуғланган даврлар ортда қолди. Дунёни ақл бошқаряпти ва ёшгина болакай ҳам катта-катта давлатларнинг йиллар давомида оғир меҳнат билан эришганини ўзи ишлаб топиши ҳамда миллиардерлар рейтингига кириб олиши мумкин.
Ғалла ва ўроқ уйғунлиги ҳатто иттифоқ даврида ҳам эскириб улгурганди. Пахта мафкурасидан нафақат воз кечилди, балки унинг зарарли жиҳатлари ҳақида ҳам очиқ айтилмоқда. Албатта, пахта ва буғдой экилиши тўхтаб қолгани йўқ, ҳануз катта ҳажмда давом этяпти. Аммо давлат раҳбарининг ўзи фақат манфаат бўлсагина уларга устуворлик берилиши кераклигини таъкидлайди.
Жаҳон тажрибаси ва чиройли герблар
Дид борасида баҳсалашиб бўлмайди албатта ва ҳаммага давлати герби ёқади. Лекин қатор давлатлар бу масалага жиддий ёндошган ва давлат рамзидаёқ ўз сўзини айтишга интилишган. Ўзини СССРнинг ҳуқуқий вориси сифатида тақдим этадиган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам шундай қабул қилинадиган Россиянинг ўзи ҳам гербида иттифоқни эслатувчи рамзлардан воз кечган. На қизил юлдуз, на буғдой ва на ер шари устини эгаллаган ўроқ-болға қолган.
Замонавий гербдаги марказий рамз бўлган икки бошли бургут енгилмаслик билан бирга империянинг икки томонга қараб туришини англатиши кўп таъкидланади.
АҚШ ўз гербини герб эмас, муҳр ҳисоблайди ва унда ҳам эрк ҳамда мардлик тимсоли сифатида оқбош бургут бор.
Англия, Швеция ва яна қатор давлатлар гербида жасорат рамзи сифатида арслон кўрсатилган.
Ҳатто қўшнимиз Қозоғистон ҳам ўз гербини танлашда иттифоқ элементларидан тўла-тўкис воз кечган ва рамзига миллий анъаналарини сингдирган. Гербида собиқ иттифоқ анъаналарини Беларусь, Тожикистон каби давлатлар яққол сақлаб қолганлар.
Қирғиз республикасининг гербида эса буғдой жуда рамзий маънода, иттифоқ давридаги элементлардан деярли бутунлай воз кечилган ва эрк рамзи бўлган қуш марказий планга олиб чиқилган.
Миллий сайқални энг боплаган давлат Туркманистон. Саккиз бурчак ичидаги ҳар бир элемент, энг марказдаги Ахалтака оти бу давлатнинг асл рамзига айланган.
Албатта, бу шунчаки таклиф. Унинг иқтисодий томонлари таҳлил қилиб кўрилмаган, табиийки бундай жараёнлар бюджетга яхшигина юк бўлади. Таклиф шуки, мутахассисларни жалб қилган ва жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда биз ҳам ўз тарихимиз, анъаналаримиз ҳамда келажагимиз тимсолини қамраб олувчи янги герб ҳақида ўйлашимиз вақти келган. Ҳеч бўлмаса Ҳумо қушини пахта ва ғалла қуршовидан чиқариб, том маънодаги парвозга йўллашимиз лозим. Бу ўзгариш конституцион ислоҳотларга ўзига хос рангдор бўёқ берарди.
Албатта, бунинг ўзига яраша салбий томонлари бор. Энг асосийси чалкашликлар келтириб чиқаради, барча ташкилотлардаги гербларни алмаштириш миллиардлаб харажатга олиб келади. Шу жиҳатдан пандемия ва Украинадаги уруш оқибатларини енгиллаштириш билан овора бўлиб турган ҳукуматга бу ортиқчалик қилиши ҳам мумкин. Аммо конституцион ислоҳотлар фонида яна таклифлар қабул қилиниши аниқ, шулар билан бирга бу масала ҳам ўйлаб кўришга арзийди.
Аброр Зоҳидов