Италиялик дизайнернинг қиммат пойабзаллари сотувга чиқарилди. Адлия вазирлиги буни «давлат рамзларига ҳурматсизлик» деб баҳолади

Улашиш:

Италиялик дизайнер Стефано Риччи томонидан яратилган оёқ кийимларда Ўзбекистон герби ва байроғи тасвирланган. Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари – байроқ ва гербга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади, дея баёнот берди Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

«Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби, ва мадҳиясига эгадир. Давлат рамзларининг мавжудлиги Ўзбекистоннинг амалда мустақиллигини яққол тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзлари муқаддас бўлиб, уларни ҳар қандай йўл билан таҳқирлаш қонун билан жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикаси «Давлат герби тўғрисида»ги қонунининг 51-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас», — дейилади баёнотда.

Фото: @glamour.boutique

Стефано Риччи яратган коллекциясидаги эмблемали оқ кроссовка 18 000 000 сўмдан, кўк рангдаги замш кроссовка эса 24 000 000 сўмдан сотувга қўйилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.