Расман: Хаби Алонсо “Реал Мадрид” бош мураббийи этиб тайинланди

Улашиш:

Футбол оламида кутилган янгилик расман тасдиқланди — 2025 йилнинг 1 июнидан бошлаб, “Реал Мадрид” бош мураббийлигини Хаби Алонсо бажаради. Бу ҳақда клуб расмий сайти орқали эълон қилди.

Уч йиллик шартнома имзоланди

43 ёшли мутахассис билан тузилган шартнома 2028 йилнинг 30 июнигача амал қилади. Алонсо ушбу лавозимда жамоани тарк этаётган италиялик тажрибали мураббий Карло Анчелотти ўрнини эгаллади. Маълумки, Анчелотти Бразилия терма жамоасини бошқаришга қарор қилган.

«Байер» билан ёзилган тарих

Хаби Алонсо бугунги кунда энг сўралган мураббийлардан бирига айланган. У “Байер Леверкузен” билан ажойиб натижаларга эришди — клуб тарихда илк бор Бундеслига чемпионлиги, Германия кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди. Бу муваффақиятлар уни топ-жамоалар радарларига олиб келди ва “Реал” бу имкониятдан фойдаланди.

Илк расмий ўйин — 18 июнь куни

Алонсонинг “Реал”даги мураббий сифатидаги дебюти 18 июнь куни бўлиб ўтади. Унда жамоа Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубига қарши майдонга тушади.

Уйга қайтиш

Хаби Алонсо учун “Реал Мадрид” бегона жамоа эмас. У 2009–2014 йиллар оралиғида “қироллик клуби” шарафини ҳимоя қилган ва бу муддат ичида 158 та ўйинда қатнашиб, 6 та совринни жамоа сафига олиб келган. Шу боис, мураббий сифатидаги қайтиш унинг шахсий тарихи учун ҳам рамзий аҳамиятга эга.


Мухлислар ва футбол олами учун Хаби Алонсо бошчилигидаги “Реал” янги саҳифа очиши кутилмоқда. Янги мураббийдан нималар кутса бўлади? Бу саволларга жавоб эса келгуси мавсумда маълум бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.