Бир даврнинг интиҳоси: Alawar ўзининг компьютер учун ўйинлар дўконини ёпмоқда

Улашиш:

Оддий, лекин шу билан бирга, қизиқарли ва саргузаштларга бой компьютер ўйинлари билан танилган Alawar компанияси ўзининг расмий веб-сайтида жуда қийин қарорни қабул қилганлигини эълон қилди – у ўзининг ўйинлар дўконини ёпмоқда. Маълум бўлишича, alawar.com сайтининг ўйинлар бўлими, яъни компьютер учун яширин объектлар, вақт менежменти ва бошқотирма каби жанрлардаги ўйинлар сотиладиган дўкони жорий йилнинг 1 июн санасидан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатади.

"Агар сиз бу хабарни кўриб турган бўлсангиз, унда Alawar ўзининг www.alawar.com веб-сайтининг ўйин бўлимларини ёпиш ҳақида қийин қарорни қабул қилган. 2023 йилнинг 1 июнидан бошлаб биз "Фойдаланиш шартлари"га тўлиқ мос равишда www.alawar.com веб-сайтининг ўйин бўлимларини ёпамиз.", – дейилади alawar.com веб-сайтида.

Шундай экан, агар ёшлигингизни эслатадиган носталжи Alawar ўйинларини қайта ўйнашга ният қилган бўлсангиз, уларни ҳозироқ олиш ва активация қилиб қўйиш маслаҳат берилади, чунки ёзнинг илк кунидан бошлаб сиз уларни alawar.com орқали на сотиб ола оласиз, сотиб олган бўлсангиз на активация қила оласиз. Албатта, аввал олиб қўйган ва активация қилган ўйинларингизни кейинчалик ўйнашда давом этишингиз мумкин бўлади.

Таъкидлаш жоизки, alawar.com дўконининг ёпилиши айрим Alawar ўйинлари учун йўлнинг охири эмас ёхуд сиз компания онлайн дўкони ёпилгандан кейин ҳам ундаги кўплаб ўйинларни Alawar'нинг Steam платформасидаги расмий саҳифасидан ёки iWin ва Big Fish каби бошқа ўйин дўконларидан ҳам топишингиз мумкин бўлади.

Alawar компаниясига 1999 йилда Новосибирск давлат университети талабалари, Александр Лисковский ва Сергей Занин томонидан асос солинган. Компаниянинг alawar.com (ёхуд alawar.ru) ўйинлар дўкони эса 2003 йилда ишга туширилган эди.

Масалан, Alawar томонидан ишлаб чиқарилган энг машҳур ўйин, Farm Frenzy ўйинлар сериясини alawar.com дўкони ёпилгандан кейин ҳам Steam орқали исталган вақт сотиб олишингиз мумкин. 

Айтиш керакки, Alawar нафақат компьютерлар ва балки ҳозирда смартфонлар учун ҳам ўйинлар чиқаради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.