News time: Янги Конституция, Оролдаги “Тинчлик рамзи” ва қамалган контрабанчилар

Улашиш:

Янги таҳрирдаги Конституция 1 майдан кучга кирди

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 1 майдан кучга кирди. У 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат бўлади.

30 апрелдаги референдумда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонуни 1 майдан кучга кирди.

Шу кундан эътиборан бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларида келтирилган нормалар конституцияга зид бўлса, судлар конституцияга қараб қарор қабул қилади.  Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин.

Қонунга кўра, Марказий сайлов комиссияси референдум ўтказилгандан кейин 10 кундан кечиктирмай ўз қарорини расмий веб-сайтда ва расмий манбаларда эълон қилади. Референдумда қабул қилинган қарор (қонун) Марказий сайлов комиссияси референдум натижалари расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Референдум якунлари расмий эълон қилинган куни қарор ижросини ташкил этиш учун Олий Мажлис палаталари ва президентга юборилади.

1 май куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистонда ўтган референдумнинг якуний натижаларини эълон қилганди. Референдумда сайловчиларнинг 84,5 фоизи қатнашган (аввал 84,54 фоиз деб хабар берилганди). Рўйхатга киритилган 19 722 809 сайловчидан 16 667 097 нафари (16 673 189 нафари) овоз берди. Улардан 611 320 нафари муддатидан олдин овоз беришда қатнашди.

Референдумда қатнашганларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституцияни ёқлаб овоз берди

Дастлабки маълумотларга кўра, якшанба куни бўлиб ўтган референдумда сайловчиларнинг 84,54 фоизи иштирок этди, деди МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев. Конституцияга ўзгартириш киритишни ёқлаб сайловчиларнинг 90,21 фоизи овоз берди, 9,35 фоизи қарши чиқди.

МСК 3 та референдум участкасида овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топди

Марказий сайлов комиссияси референдум жараёнида қонунбузарлик кузатилган Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган 3 та референдум участкасидаги овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топди.

Президент давлат қарзи тўғрисидаги қонунни имзолади

Президент имзолаган «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, бу кўрсаткичнинг максимал миқдори ЯИМга нисбатан 60% этиб белгиланди. Уни самарали бошқариш учун 3 йиллик стратегия тасдиқланади. 2023 йил 1 январь ҳолатига, давлат қарзи 29,2 млрд долларга (ЯИМга нисбатан 36,4 фоиз) етган.

Турфирма ёки агентликлар ташкил этаётган ҳаж тадбирлари ноқонуний — Диний қўмита

Дин ишлари бўйича қўмита тармоқларда ҳажга жўнатишга оид асоссиз маълумотлар тарқатаётган турфирмалардан огоҳлантирди. Бу вазифа қўмита ва Мусулмонлар идораси зиммасига юклангани эслатилди. Ноқонуний сафарлар учун Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва 10 йилга киришни тақиқлаш жазоси кўзда тутилган.

Ўзбекистон БМТнинг Россия тажовузкорлиги қайд этилган резолюциясига овоз беришда бетараф қолди

БМТ Бош ассамблеясининг Европа кенгаши билан ҳамкорлиги тўғрисидаги резолюция 122 та овоз билан қабул қилинди, унда Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги тилга олинган. Қозоғистон, Хитой ва Туркия резолюцияни қўллаб-қувватлади, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон бетараф қолди.

Сурхондарёда чегарадан ўтказилаётган анор шарбатлари таркибида гиёҳванд модда аниқланди

Сурхондарёдаги «Айритом» чегара божхона постидан ўтказилаётган анор шарбатлари таркибида 103 кг метамфетамин синтетик гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди. Улар Тошкентдаги компаниялардан бирига юборилаётган бўлган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

  

Ўзбекистонда Onix ва Tracker учун шартнома бериш вақтинча тўхтатилди

UzAuto Motors компанияси Chevrolet Tracker ва Onix автомобиллари учун шартномалар беришни ушбу моделларнинг конфигурацияси янгиланиши муносабати билан вақтинча тўхтатди. Компаниянинг билдиришича, автомобиллар учун «иссиқ» вариантлар кутилмоқда.

Humo ва Uzcard банкоматларини интеграциялаш 7−10 кун ичида якунланади  

Марказий банк раиси Humo ва Uzcard тўлов тизимлари банкоматларини интеграциялаш 7−10 кун ичида якунланишини маълум қилди. Шунингдек, Korzinka супермаркетлар тармоғида виртуал кассаларни ишга туширишга тайёргарлик кўрилаётганини, пулни нақдлаштириш учун комиссия фоизи муҳокама қилинаётганини айтди.

 

Ўзбекистонда АҚШ Глобал сейсмик тармоғининг станцияси ўрнатилди

АҚШ Глобал сейсмик тармоғининг (дунё бўйлаб 150 дан ортиқ станцияларни ўз ичига олади) бир қисми бўлган станция Жиззах вилоятига ўрнатилди. Шунингдек, АҚШ Ўзбекистонга сейсмик хавфларни баҳолаш ва қурилиш қоидаларини яхшилашда ёрдам беради.

 Ўзбек-қирғиз давлат чегарасидан ўтувчи яширин ерости йўли очганларга суд ҳукми ўқилди

Ўзбек-қирғиз чегарасида махфий йўл очган фарғоналик шахс ва яна 5 кишига суд ҳукми ўқилди. Йўл орқали Қирғизистонда ноқонуний товарлар, Ўзбекистондан эса хорижий валюталар ўтказиб турилган. Суд ҳукми билан 3 нафар айбланувчи 6−7 йилга қамалди, яна 3 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Inkuzart Орол денгизининг қуриган қисмига тинчлик рамзини чизди

Рассом Inkuzart Орол денгизининг қуриган қисмида диаметри 100 м бўлган тинчлик рамзини чизиб, ўша ерга минг тупдан ортиқ саксовул кўчатларини ўтқазди. «Газета.uz»га берган интервьюсида у бунинг учун ҳеч кимдан моддий ёрдам сўрамагани ва лойиҳа учун аввалдан пул йиғиб юрганини айтди.

Жиззахда сохта Green Card тайёрлаш билан шуғулланган шахс 9 йилга қамалди

Жиззах вилоятида 3 нафар шахс сохта Green Card ҳужжатларини тайёрлаб, 103 кишининг 2 млрд 597 млн сўмини фирибгарлик билан қўлга киритгани аниқланди. Уларнинг бири 9 йилга қамалди, 2 нафарига қидирув эълон қилинди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.