Тошкентда 15 ёшли қиз билан жинсий алоқа қилган йигитга янги ҳукм ўқилди

Улашиш:

Тошкентда 15 ёшли қиз билан жинсий алоқада бўлган йигитга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари маълум қилди.

Қайд этилишича, 2003 йилда туғилган Ш.Х. исмли йигит ўтган йилнинг кузида вояга етмаган жабрланувчи Д.Ш. (2007 йилда туғилган) билан жинсий алоқа қилган. У Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2023 йил 13 апрелдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноий ҳаракатларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари)га асосан Ш.Х. 2022 йил 26 октябрдан 28 октябрга қадар ҳибсда сақланган 3 кунининг ҳар бир кунини озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштирган ҳолда чегириб ташлаш йўли билан ўташ учун 2 йилу 11 ой 27 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилиб, унинг зиммасига:

•  кафе, бар, ресторан ва бошқа кўнгилочар жойларга бормаслик;

•  оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;

•  маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудидан ташқарига чиқмаслик; 

•  жабрланувчи Д.Ш. билан кўришмаслик ва ҳар қандай усулда у билан суҳбатлашмаслик;

•  алкоголи ичимликлар истеъмол қилмаслик каби қўшимча тақиқлар (чеклашлар) юклатилган.

Чилонзор туман прокуратураси томонидан келтирилган протестга асосан ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг жорий йил 13 апрелдаги ҳукми ўзгартирилган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг жорий йил 18 майдаги ажрими кўра Х.Ш.нинг зиммасига 2023 йил 13 апрелдаги суд ҳукми қонуний кучга киргандан сўнг:

•  назорат қилувчи органнинг рухсатисиз яшаш, иш ҳамда ўқиш жойини ўзгартирмаслик;

•  интернет тармоқларидан фойдаланилмаслик каби тақиқлар (чеклашлар) қўшимча равишда юклатилган.

Мазкур ажримдан норози тарафлар Жиноят-процессуал кодексининг 498-моддаси (кассация тартибида қайта кўрилиши мумкин бўлган суд ҳукмлари, ажримлари)га мувофиқ Олий судга кассация тартибида шикоят бериши ёки протест билдириши мумкин, дейилади хабарда.

Шаҳар судларининг эслатишича, Жиноят кодексининг 13-моддаси (қонуннинг вақт бўйича амал қилиши)нинг талабига кўра Ш.Х.га Жиноят кодексининг 2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган 128-моддаси санкцияси доирасида жазо тайинланган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.