News time: Сингапур раҳбарининг ташрифи, нархи ошган алкоголь ва бир умрга қамалган маняк

Улашиш:

Ўзбекистон Хитойга газ экспортини тиклади

Ўзбекистон яна Хитойга газ экспорт қилишини бошлади. Апрель ойида газни етказиб бериш ҳажми 40,5 млн долларгача етганди.

Давлат органлари раҳбарлари АКТ бўйича қисқа муддатли курсларда ўқитилади

Ҳукумат қарори билан давлат органларининг АКТ соҳасига масъул ходимлари 3 йилда бир марта малака оширади. Қолаверса, биринчи раҳбарлар ҳам соҳа бўйича Давлат бошқаруви академиясида қисқа муддатли курсларда ўқитилади. Жараён билан боғлиқ харажатлар ташкилотлар ҳисобидан қопланади.

1 июндан алкоголь маҳсулотлари нархи ошиши мумкин

Ўзбекистонда 1 июндан алкоголь маҳсулотлари нархини оширишни кўзда тутувчи лойиҳа муҳокамага қўйилди. Сўнгги марта нархлар 2021 йил декабрда ошганди.

25 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш паспорти 5 йил муддатга берилмоқда

25 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш паспорти 5 йил муддатга берилаётгани маълум бўлди. Илгари бу 16 ёшни ташкил этган. Бу бўйича президент фармони бир йил аввал қабул қилинган бўлса-да, бу ҳақда жамоатчиликка кенг маълумот берилмаган.

Ўзбекистонга тўрт ой давомида 2 миллиондан ортиқ сайёҳ келди

2023 йилнинг тўрт ойида Ўзбекистонга 2 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Туристларнинг асосий қисми қўшни Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Россиядан келган.

Андижонда Диний қўмита мутахассиси Умра учун фуқаролардан олган 1,6 млрд сўмни онлайн қиморга тикиб юборди

Дин ишлари бўйича қўмитанинг Хўжаобод тумани мутахассиси фуқаролардан Умра зиёрати учун олган 1 млрд 650 млн сўмни онлайн қимор ўйинларига тикиб юборгани маълум бўлди. Суд давомида жабрланувчилар аризаларини қайтариб олгани сабабли моддий зарар тўланмаган. Собиқ ходим эса беш йилга қамалган.

Ўзбекистон ва Сингапур президентлари давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси негизида ташкил этилган қўшма таълим маркази доирасида Сингапур тажрибаси жорий этилади. Музокараларда Ўзбекистон ва Сингапур президентлари томонидан шу ва бошқа мавзулар муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев ва Ҳалима Ёқуб ҳузурида икки томонлама ҳужжатларни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди ва 7 та ҳамкорлик ҳужжати имзоланди. Саммит якунида президентлар Фахрий меҳмонлар хиёбонида арча экди.

Сингапурнинг Changi Airports International компанияси янги Тошкент аэропорти қурилишининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишда ёрдамлашади, шунингдек, мавжуд аэропорт фаолиятини оптималлаштириш бўйича маслаҳатлар беради.

Алкоголь ва тамакини сотиш ёши оширилди, мактаб ва дўконлар орасидаги масофаси эса қисқарди

Президент алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклаш тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни имзолади. Қонун билан ушбу маҳсулотларни 21 ёшгача бўлганларга сотиш тақиқланди. Мактаблардан дўконларгача бўлган масофа 100 метргача қисқартирилди. Электрон сигаретларни тартибга солиш бошланади.

 «Ҳар бир мактаб битирувчиси меҳр ва эътиборда бўлади» — президент

Ўзбекистон президенти мактаб битирувчиларига йўллаган табригида уларнинг ҳар бири «эл-юртнинг меҳр ва эътиборида бўлишини» таъкидлади. У ёшларни «тинимсиз ўқиб, замонавий билимларни эгаллашга, мунтазам тажриба оширишга ва мақсад сари дадил ҳаракат қилишга» чақирди.

10−11-синф ўқувчиларига қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиқиб дарс ўтилади

2023 йил сентябрь ойидан 1−4-синф ўқувчиларига хорижий тажриба асосида, 5−9-синфларга эса умумтаълим фанларидан таянч билимлар берилади. 10−11-синфлар қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида ўқитилади.

 

Ўзини Президент администрацияси ходими деб таништирган шахс фуқарони ҳоким қилиб қўйиш учун $80 минг сўради

Тошкентда ўзини Президент администрацияси ходими деб таништирган шахс ва унинг шериги 25 минг доллар пора олишда гумонланиб ушланди. Улар Фарғонадаги туманга ҳоким қилиб қўйиши эвазига фуқародан жами 80 минг доллар талаб қилгани айтилмоқда.

Янгиҳаётда 12 ёшли қизни ўлдирган шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Тошкентда январь ойида 12 ёшли қизни зўрлаб, ўлдирган шахс махсус тартибдаги колонияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, унга алкоголизм ҳамда мураккаб политоксикоманияга қарши мажбурий даволаниш тайинланди.

 

Ёқилғи-энергия соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганлар мукофотланади

Ўзбекистонда фуқаролар 1 сентябрдан электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидалари бузилган ҳолатларни фото ва видеотасвирга олиб, Энергетика вазирлигининг махсус ахборот тизимига юбориши мумкин. Агар қоидабузарлик тасдиқланса, бу ҳақда хабар берганларга пул мукофоти берилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.