«Click ва Uzum бирлашиши тўғрисида расмий битим тузилмаган» — Рақобатни ривожлантириш қўмитаси

Улашиш:

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Click тўлов ташкилоти Uzum компаниялар гуруҳи билан бирлашув битимига олдиндан розилик олиш бўйича мурожаат қилмаганини ва компаниялар бирлашиши тўғрисида расмий битим тузилмаганини маълум қилди.

Дастлабки ўрганишлар жараёнида Click умуммиллий тўлов ташкилоти Uzum компаниялар гуруҳи билан бирлашиши тўғрисида расмий равишда битим тузилмаганлиги маълум бўлди, дея хабар берди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қўмитанинг маълум қилишича, 13 июнь ҳолатига Click умуммиллий тўлов ташкилоти таъсисчилари рўйхатига ўзгаришлар киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни Click ва Uzum компаниялари ўзаро бирлашгани тўғрисида қўшма баёнот берди. Молиячи Отабек Бакиров битим имзолангани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдириб, бу бўйича мопополияга қарши курашувчи орган розилиги олинган ёки йўқлиги тўғрисида сўраб, пост қолдирди.

«Uzum гуруҳининг молиявий хизматлар ва бошқа рақамли маҳсулотлар ва агрегатлар сегментини космик тезликда эгаллаб бораётгани, Click эса тўлов тизими бозорида 11 миллион фойдаланувчи билан энг катта ўйинчи бўлгани ҳисобга олинса, талабгорлар ўзлари мурожаат қилмаган тақдирда ҳам Антимонополия органи камида ўзи мустақил ўрганиш ва текшириш ўтказиши керак эди», — деган Отабек Бакиров.

Маълумот ўрнида, «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 16−17-моддаларига асосан агар хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёки улардан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, шунингдек бундай шахс ёки шахслар гуруҳи кўрсатилган акцияларнинг (улушларнинг) эллик фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олиниши керак бўлади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.