News time: Қўқон бозоридаги ёнғин, носоз аттракцион ва 10 йилга қамалган андижонлик йигит

Улашиш:

Деноминация қилиш режаси йўқ — Марказий банк

Марказий банк пул бирлигининг деноминация қилиниши, яъни 1:10 000 нисбатда янги пул белгиларига алмаштирилиши ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.

Тошкентдаги Чорсу ва Эски жува деҳқон бозорлари реконструкция қилинади

Пойтахтнинг Чорсу ва Эски жува бозорлари 2023 йил охиригача тартибга келтирилиб, туристик жозибадорлиги оширилади. Бунда замонавий савдо расталари ва кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш, ирригация тармоқларини янгилаш ва биноларни миллий архитектура асосида реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.

Нукус иши: Апелляция шикояти берган 28 нафар шахсдан 5 нафари озод этилди, 16 нафар судланувчининг жазо муддати қисқартирилди

Қорақалпоғистон воқеалари бўйича жиноят ишида судланган яна 28 нафар шахснинг апелляция шикояти бўйича қарори эълон қилинди. 5 нафар судланувчининг жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирилди, 16 нафар судланувчининг жазо муддати қисқартирилди, 7 нафар судланувчининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Май ойида сезилган инфляция даражаси 13,6 фоизни ташкил этди

Ўзбекистонда май ойида сезилган инфляция даражаси 13,6 фоизни ташкил этди. Ҳудудлар бўйича энг юқори инфляция Наманганда сезилган. Сўровнома иштирокчилари энг кўп шакар ва қандолат маҳсулотлари нархи ошганини қайд этган.

Тошкентдаги истироҳат боғида икки киши аттракциондан тушиб кетди

Тошкент шаҳрининг Шайхонтохур туманидаги «Anhor-Lokomotiv» боғидаги аттракциондан аёл ва эркак йиқилиб, касалхонага ётқизилди. Қайд этилишича, улар хавфсизлик камарини тақмаган.

Фарғонада 7 ёшли болани қутқариб қолган 42 ёшли аёлни поезд босиб кетди

Фарғонада 42 ёшли аёл поезд уриб юбориши оқибатида вафот этди. У воқеадан бироз олдин 7 ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолган, ўзи эса поезддан қочишга улгурмаган.

Андижонлик йигит Суриядаги террор ташкилот фаолиятида иштирок этгани учун 10 йилдан кўпроққа қамалди

2018 йилда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этган андижонлик ака-укалардан бири қуролли тўқнашувлар вақтида вафот этди. Яна бирига эса Ўзбекистонда суд ҳукми ўқилиб, у 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Қўқондаги бозорда содир бўлган йирик ёнғин 4 соатда ўчирилди

Қўқон шаҳридаги «Буюк Ипак йўли» бозорида содир бўлган ёнғин 4 соатда бартараф этилди. Ҳодиса оқибатида юздан ортиқ тадбиркорнинг мол-мулкларига зарар етгани айтилмоқда. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Нукусда аёл 4-қаватдан қулаб вафот этди

Нукусда 27 ёшли аёл кўп қаватли уйнинг 4-қаватидан қулаши оқибатида ҳалок бўлди. Аёлнинг руҳиятига ўтган йилнинг сентябрида эгизак чақалоқларидан айрилгани салбий таъсир кўрсатгани айтилмоқда.

Ўзбекистонга беш ой давомида 2,6 млн сайёҳ келди

Статистика агентлиги Ўзбекистонга январь-май ойларида 2,6 млн нафар сайёҳ келгани, уларнинг энг кўпи Марказий Осиё давлатлари ва Россиядан эканини маълум қилди. Сайёҳларнинг 2,1 млн нафари (81,5%) мамлакатга пиёда келган.

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди

Регуляторнинг қайд этишича, йил якунига қадар инфляциянинг 8,5−9,5 фоизгача пасайиши ҳамда инфляцияни пасайтирувчи омиллар таъсирини оширувчи омилларга нисбатан кучлироқ бўлиши кутилмоқда.

МБ эскирган банкнот ва тангаларни алмаштириб беришни қайта тиклади

Марказий банк муомаладан чиқарилган банкнот ва тангаларни қабул қилиш ва уларни янги банкнотларга алмаштиришни давом эттиришга қарор қилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.