Чорсу бозоридаги барча гумбазлар ўз жойида қолдирилиб, маданий мерос рўйхатига киритилади

Улашиш:

Маданий мерос агентлиги матбуот-хизмати маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Чорсу бозоридаги барча гумбазлар ўз жойида қолдирилиб, маданий мерос рўйхатига киритилади. 

Эслатиб ўтамизки, бир неча кун олдин машҳур гумбазлардан бирининг йўқолиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлган. Масалан, Tashkent_modernism ҳамжамияти бу ерда қурилаётган Chorsu Gold Center савдо марказининг фотосуратларини Instagramда жойлаштирган. Расмларга қараганда, учинчи гумбаз учун жой ажратилмаган.

Маданий мерос агентлигининг маълум қилишича, Чорсу бозорининг барча еттита гумбази ҳозирча маданий мерос рўйхатига киритилмаган. Бироқ, бу ҳолат яқин келажакда тузатилади ва нафақат бозор, балки атрофдаги тарихий бинолар ҳам давлат ҳимоясига олинади. Барча тафсилотларни аниқлаштириш учун ушбу ҳудудда археологик тадқиқотларни ўтказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Агентликнинг билдиришича, дастлабки реконструкция лойиҳаси рад этилиб, мутахассислар ўз тавсияларини беришган. Шу асосда маданий меросни сақлаб қолишнинг барча жиҳатлари, шу жумладан барча гумбазларни ҳисобга олган ҳолда бозорни реконструкция қилишнинг бошқа лойиҳаси тайёрланган.   

"Биз ушбу лойиҳани ва бозорда гумбазларнинг сақлаб қолинилишини диққат билан кузатиб борамиз", - деб таъкидлади Агентлик.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.