Жиззахлик вайнерлар ЙПХ ходимлари ҳақидаги ҳажвий видеолари учун ноқонуний қамалган деб топилди

Улашиш:

Жиззахлик вайнерлар ЙПХ ходимлари ҳақидаги ҳажвий видеолари учун ноқонуний қамалган деб топилди

Жиззахда икки нафар вайнернинг ЙПХ ходимлари ҳақида ҳазил видеолари учун 15 ва 10 суткага қамалиши ноқонуний деб топилди. Апелляция инстанциясида улар суд залидан озод қилинди.

Жиззах вилоят прокуратураси йўл-патруль хизмати ходимлари ҳақида ҳажвий видеолар тайёрлаган икки нафар вайнер 15 ва 10 суткага қамалгани ҳақидаги хабарлар ўрганилганини маълум қилди.

Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судининг 13 мартдаги қарорига кўра, фуқаро У. Ў. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 209−1-моддаси (Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш), фуқаро Д. У ушбу кодекснинг 183-моддаси билан ҳуқуқбузар деб топилиб, уларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Суд қарори ноқонуний бўлганлиги сабабли, Ғаллаорол туман прокуратураси томонидан уни бекор қилиш юзасидан апелляция тартибида протест келтирилди, дейилади хабарда.

Протестга асосан маъмурий иш 18 март куни Жиззах вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, У. Ў ва бошаларнинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмас деб топилди. У. Ў ва Д. У. суд залидан қамоқдан чиқарилган ҳолда уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.