Блогер Аctivist судга адвокати киритган апелляция шикоятини қайтариб олди

Улашиш:

Аctivist номи билан танилган блогер Ҳожиакбар Носиров 5 апрель куни йогуртлар ҳаром экани тўғрисидаги видеони ижтимоий тармоққа жойлаштиргани ортидан 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди. Тошкент шаҳар судларининг маълум қилишича, блогер Ҳожиакбар Носиров судга адвокати киритган апелляция шикоятини кўрмасдан қолдиришни сўраб ариза ёзган.

Қайд этилишича, мазкур иш бўйича 14 апрель куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига ҳуқуқбузар Ҳожиакбар Носировнинг адвокати С.Ишпулатов томонидан апелляция шикояти келиб тушган.

Суд мажлиси 14 апрель соат 15:00 га тайинланган. Ҳожиакбар Носиров томонидан адвокатнинг шикоятини кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ариза келтирилгани сабабли, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-4 (апелляция шикоятини қайтариб олиш) ва 324-8-моддаларига (апелляция инстанцияси судининг ваколатлари) асосан, апелляция шикоятини кўрмасдан қолдириб, апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқарилган.

Аctivist иши

Унга нисбатан 8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми бўйича  юритилган маъмурий иш кўриб чиқилганди.

Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ТҚКБ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида диний муҳитни соғломлаштириш борасида олиб борилаётган ижтимоий тармоқларда мониторинг тадбирлари давомида, у ўзига тегишли бўлган Аctivist канали орқали ҳар хил турдаги диний мазмундаги видеоларни, яъни Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 апрелдаги хулосасига асосан аҳоли орасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ғояларни тарқатгани аниқланган.

Бундан ташқари, иш ҳужжатларига кўра, блогер ИИО ходимларининг ҳужжатларини текшириш учун тақдим этиш, тушунтириш бериш ва иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиш каби қонуний талабларга бўйсунмаган. Унга суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилиш учун сўз берилганида ҳуқуқбузар ва ҳимоячиси ҳолат юзасидан кўрсатма беришдан бош тортди.

У кўрсатма беришдан бош тортган бўлса-да, унинг юқоридаги ҳуқуқбузарликларни содир этгани иш ҳужжатларидаги ИИО ФМБ ходимининг билдиргиси, далолатнома, кўздан кечириш ва электрон материалларни олиш баённомаси, Аctivist каналидан олинган фотолавҳалар, DVD-R дискидаги видеолавҳалар, ашёвий далилларни олиш баённомаси, ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосаси ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.

Суд қарори билан Х.Н. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.