Эронда курд рэпери ўлим жазосига қарши апелляцияда ютди

Улашиш:

Эрон Олий суди рэпер Саман Ясиннинг мамлакатдаги аксилҳукумат намойишларини қўллаб-қувватлагани учун ўлим жазоси устидан ёзган апелляция шикоятини қабул қилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Саман Ясин таниқли курд санаъткори ва рэпери бўлиб, Эрондаги норозиликлар фонида ҳукумат режимини очиқ танқид қилган. У ўзининг ижтимоий тармоқларида намойишчиларни қўллаб-қувватлаб постлар қолдирган ва мамлакатдаги воқеалар ҳақида бир неча қўшиқлар ёзган.
Эрон расмийлари уни ҳукуматга қарши намойишлар чоғида хавфсизлик ходимларига суиқасд уюштириш, чиқинди қутисига ўт қўйиш ва ҳавога уч марта ўқ узишда айблаган. Унинг ўзи эса барча айбловларни рад этган. Дастлаб суд Саман Ясин ва яна бир намойишчининг аризаларини қабул қилганини айтган. Бироқ, Мизан суд ахборот агентлиги қарор фақат Ясин фойдасига бўлганини хабар қилган.
«Эрон Олий судининг жамоатчилик билан алоқалари хабарга тузатиш киритди: Муҳаммад Кобадлунинг апелляцияси қабул қилинмади, Саман Ясиннинг шикояти эса Олий суд томонидан қабул қилинди», дейилади агентлик хабарида.
Кобадлун намойишлар чоғида полициячини ўлдириш ва машинаси билан беш кишини яралаганликда айбланмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.