Енгил атлетикачи Андрей Куликов Орол денгизининг қуриган туби бўйлаб 42 км масофага югурди

Улашиш:

Енгил атлетикачи Андрей Куликов Орол денгизининг қуриган туби бўйлаб марафон масофасини 4 соату 9 дақиқада босиб ўтди. Бундай югуриш биринчи марта бўлиб ўтди. «Орол денгизи экологик фожиасининг ҳалокатли кўламини чинакам ҳис қилиш учун бу ерга ташриф буюриш керак», — деди у.

Енгил атлетикачи, Ўзбекистон ProRun югурувчилар жамияти асосчиси Андрей Куликов Орол денгизининг қуриган туби бўйлаб 42 км 195 м масофани босиб ўтди. Бунинг учун унга 4 соат 9 дақиқа 53 сония керак бўлди.

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан 17 июнь — Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни муносабати билан ташкил этилган Aral Eco marathon жонли эфирда намойиш этилди.

Мусобақадан кўзланган асосий мақсад жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу минтақанинг экологик муаммоларига қаратиш ва барчани сайёрамизни сақлаб қолиш учун фаол қадамлар ташлашга ундашдир, дея маълум қилди Экология вазирлиги.

«Орол денгизи экологик фожиаси, қурғоқчилик ва чўлланишнинг ҳалокатли кўламини чинакам, чинакам ҳис қилиш учун бу ерга ташриф буюриш керак, — деди Андрей Куликов.

Марафонни тугатгандан сўнг, у пойга осон бўлмагани, бутун марафон давомида шамол бўлгани, аммо кейинги йил ҳам худди шундай масофани югуришни хоҳлаётганини айтди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш мақсадида 2018−2022 йилларда 1,6 млн гектар майдонга турли дарахт кўчатлари экилганини таъкидлади.

2023 йилда Мўйноқ туманида 128 минг гектар майдонда яшил плантациялар барпо этилди. Бундан ташқари, ҳар йили камида 100 гектар майдонга саксовул экилади.

500 гектар майдонда тупроқ-иқлим шароитига мос дарахт ва бута турларидан кўчатхоналар барпо этилди.

Жорий йилда вилоятда «яшил белбоғлар» ташкил этилиб, Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳри атрофида 5 километр масофага 3590 туп, Урганч шаҳри атрофи ва Урганч-Гурлан автомобиль йўли бўйлаб яна 2500 туп кўчат экилди.

Марафон видеоси

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.