Алимент тўламай юрган қарздор 15 суткага қамалди

Улашиш:

Жиззах шаҳрида алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаган фуқаро суд қарорига асосан 15 суткага маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Бу қарор 2025 йил 21 июль куни Жиззах шаҳар суди томонидан қабул қилинди.

Маълум бўлишича, қарздор Х.А. бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини узоқ вақт давомида бажармаган. Гарчи Жиззах туманлараро судининг 2023 йил 15 августдаги ҳужжати асосида алимент ундириш ҳақидаги ижро иши қўзғатилган ва у бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлса-да, у мажбуриятларини бажаришдан қасддан воз кечиб келган.

Шундан сўнг, Мажбурий ижро бюроси Жиззах шаҳар бўлими томонидан қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддаси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш судга юборилди.

Суд қарорида қарздор Х.А. ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга маъмурий қамоқ шаклидаги жазо қўлланди.

Айни пайтда, МИБ Жиззах шаҳар бўлими алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишларини устуворлик билан амалга оширмоқда ва бу борадаги ҳар қандай қасддан четланиш ҳолатларига кескин чора кўрилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.