Дзюдо бўйича Олимпия чемпиони Диёра Келдиёрова гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигининг ижтимоий комиссари бўлди.
Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ўзининг Instagram саҳифасида ижтимоий комиссар Диёранинг янги роли Ўзбекистоннинг барча аёллари учун анъанавий оилавий қадриятларни сақлаб қолган ҳолда ҳар қандай соҳада энг юқори чўққиларни забт этишлари учун сигнал эканлигини маълум қилган.
"Бу қарор нафақат маъмурий ҳаракат, балки жамиятимиздаги чуқур ижобий ўзгаришларнинг рамзи. Диёранинг Олимпия ғалабаси прогрессив ўзгаришларнинг катализатори бўлиб, дунёга Ўзбекистон тенг имкониятлар ва чексиз салоҳият мамлакати эканлигини намоён этмоқда", - деди у.
Шаҳноза Мирзиёеванинг фикрича, Олимпия чемпиони фаолияти мамлакатимизда гендер тенглигига эришишни тезлаштиради, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги илғор давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди, бутун дунё бўйлаб аёлларни илҳомлантиради.
Диёра Келдиёрова Ўзбекистон тарихида дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритган биринчи спортчи бўлди.