Жиззахда журналистларга чўл ҳудудларидаги 4-сектор маҳаллаларига пресс тур уюштирилди

Улашиш:

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари учун Арнасой туман солиқ инспекцияси масъул бўлган 4-сектор ҳудудида амалга оширилган ишларни кўздан кечириш мақсадида пресс тур ташкил этилди. Унда туманидаги маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича сектор томонидан олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар билан атрофлича таништириб ўтилди.  


Арнасой туманидаги 4-сектор томонидан туманда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларнинг моддий аҳволини тиклаш борасида амалий ҳаракатлар олиб борилиши бугунги кунга келиб ўз натижасини бермоқда. Яъни камбағал оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон, баъзиларининг коммунал тўловлари, солиқ қарздорлиги ҳомий тадбиркорлар томонидан тўлаб берилибгина қолмай, моддий томондан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Арнасой тумани 4-секторга “Бўстон” ва “Бахтли” МФЙлар бириктирилган. Сектор ҳудудидаги хонадонлар сони 930 тани ташкил этади.   Жами оилалар сони 1336 та, аҳоли сони 5066 нафардан иборат. 

Мурожаатлар билан ишлаш борасида бугун Жиззах вилоят солиқ бошқармаси масъул бўлган 4-секторда ўзига хос тажриба тўпланган. Ушбу тажрибалар самараси туфайли сектор раҳбарияти муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш чораларини кўрмоқда. 

Айни пайтда “Бахтли” маҳалласидаги 60 та хонадондан иборат Чаманзор, Ёшлик, Янгимахалла ва Бахтли кўчаларидан иборат аҳоли пунктини мактаб, боғча ва асосий аҳоли пункти билан боғловчи зовур устида аҳоли томонидан ўрнатилган кўприк  аянчли ҳолатга келиб қолган эди. 

Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Бекзод Тошпўлатов арнасойликлар  иштирокида ўтказган сайёр қабулида фуқаролардан кўприкни таъмирлаш борасида   мурожаат тушган эди. Ушбу мурожаатга асосан, ўтган йилнинг 1-декабрь куни эски кўприкни таъмирлаш бошланди. Мустаҳкамлик даражасини ошириш мақсадида бетон плиталар ётқизилиб, кўприк сув сатҳидан 4 метр баландлатилди. Шундан сўнг, кўприкнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида икки ёнига тўсиқлар ўрнатилди. 

Наврўз байрами арафасида сўнгги таъмирлаш ишлари бажарилиб, кўприкнинг мустаҳкамлик даражаси яна ҳам оширилди. Пиёдаларга қулай бўлиши учун эса 80 метр узунликдаги йўлаклар ҳам тўлиқ бетонлаштириб берилди.

 “Бахтли” МФЙ жами хонадонлар сони бугунги кунда  242 тани ташкил этади.  316 та оилада 1200 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда ҳар бир хонадоннинг ўз томорқаси, экин майдони мавжуд бўлсада, ёзнинг иссиқ мавсумида улардан унумли фойдаланишнинг имкони йўқ эди. Сектор раҳбариятининг сайёр қабулида аҳоли хонадонларидаги томорқани суғориш учун “Оқбулоқ” каналидан  оқова сув чиқариш бўйича мурожаат тушган эди. Ушбу мурожаатга ҳам ечим топилиб, “Вербуд” МЧЖ томонидан  қувур орқали 5 км масофада оқова сув келтириш чоралари кўрилди. Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 408-cонли қарорига мувофиқ амалга оширилди. Жорий йилнинг март ойида “Бахтли” ва “Зарафшон” МФЙ аҳолиси эҳтиёжи учун зарур оқова сув лойиҳаси якунланди.

Бахтли МФЙда истиқомат қилувчи кам таъминланган ва аёллар дафтарида рўйхатда турувчи Шоира Болибекова хонадонинг том қисмини таъмирлашда амалий ёрдам сўраб сектор масъулларига мурожаат қилган эди. Айни пайтда унга зарур бўлган барча қурилиш материаллари етказиб берилиб, уйнинг том қисмини тўлиқ ёпиш  чоралари кўрилмоқда. 

Шунингдек, 4-сектор ҳудудида жойлашган Бўстон маҳалласигача 14 км, Дўстлик тумани Мамажон Дадажонов сув истеъмолчилар уюшмасига қадар яна 4 км, жами 18 км узунликдаги ичимлик суви лойиҳаси ҳам аҳоли манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган лойиҳалардан саналади. Бўстон маҳалласига борадиган 14 кмлик сув қувури тармоғи босими пастлиги ва қувурларнинг эскирганлиги туфайли уни реконструкция қилишга эҳтиёж юзага келган эди. Ҳозирда “Қурилиш таъминоти” корхонаси томонидан қиймати 18 миллиард 131 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу  лойиҳа жорий йилнинг  декабр ойида якунланиши режалаштирилган. 

Айни пайтда Арнасой тумани 4-сектор ҳудудида жойлашган  Бўстон  МФЙда ички йўллар асфалт қилиб бўлинди. Бахтли МФЙнинг йўлларини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Маълумотларга кўра, Бўстон МФЙда жами 7 та кўча учун 3.6 км масофага 2 млрд 880 млн. сўм,  Бахтли МФЙда 6та кўча 3.6 км масофага 2 млрд 896 млн сўм маблағ ажратилган.

Ҳаммаси бўлиб 7.2 км масофага 5 млрд 776 млн. маблағ ажратилган. 

Пресс тур давомида журналистлар ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан атрофлича танишдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.