Женисбек Пиязов ўзбек қўшиқчилигидаги бир муаммога эътибор қаратганини гапириб берди

Улашиш:

Боғча ёшидаги болалар учун ўзбекча қўшиқлар кам, бўлса ҳам, йўқ ҳисобида. Бу ҳақда 24 июль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Мактабгача таълим агентлигининг Жамоатчилик кенгаши аъзолари йиғилишида Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов айтиб ўтди, дея хабар бермоқда “Дарё”.

Анжуманда Женисбек Пиязов боғча ёшидаги болалар учун ўзбекча қўшиқлар камлигига алоҳида тўхталиб ўтган.

“Хайр боғча, салом мактаб” концерти аъло даражада бўлиб ўтди. Болаларни иқтидорини кўрдик, ашулаларини эшитдик. Шу ерда кичкина муаммога дуч келдик — боғча ёшидаги болалар учун ўзимизнинг миллий қўшиқларимиз йўқ экан. Кўп болалардан қўшиқ айтиб бер-чи, деб сўрасак, русча ёки европача қўшиқ айтиб беради. Лекин “Ўзбекча қўшиқ биласанми?”, десак “Йўқ”, деб жавоб беради. Улардан “Нима учун ўзбекча қўшиқ билмайсан?” деб сўрасам, “Сиз ўзингиз айтинг, қайси қўшиқни ўрганайлик?”, деб саволимга савол билан жавоб беришди. Мана шу ерда билдикки, болажонлар учун ўзбекча қўшиқ жуда кам экан. Бўлса ҳам саноқли: учта ё тўртта. Йўқ деса ҳам бўлади. Улар ҳам севиб айтилмайдиган қўшиқлар. Шунинг учун ҳозирги кунда композиторлар билан боғча ёшидаги болалар учун кўпроқ қўшиқлар ёзиш устида ишлаяпмиз”, — деди хонанда.

У, шунингдек, болалар фонограмма орқали қўшиқ айтишга ўрганиб қолаётганини алоҳида таъкидлади.

Байрамларда фарзандларимизни болаликданоқ фонограмма орқали қўшиқ айтишга ўргатиб қўйяпмиз. Ҳозирги кунда Жанубий Корея томонидан берилган 2 мингта пианинога яна қўшимча олинади. Бу билан боғчаларда болаларни жонли ижрога ва эшитиш орқали эслаб қолиш қобилиятини шакллантиришни мақсад қилиб қўйганмиз”, — деди халқ артисти.

Эслатиб ўтамиз, Женисбек Пиязов 2022 йил бошида мактабгача таълим вазирига (ҳозирги Мактабгача таълим агентлиги директори — таҳририят) маданият ва санъатни ривожлантириш йўналишлари бўйича жамоатчилик асосида маслаҳатчи этиб тайинланган эди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.