Ўзбекистонда боғча ёшидаги болалар ва 1-синф ўқувчилари гриппга қарши бепул эмланади

Улашиш:

Ўзбекистон мактабгача таълим ёшидаги ва 1-синф ўқувчиларини гриппга қарши эмлаш учун Россиянинг «Гриппол Плюс» вакцинасидан 2 миллион доза харид қилди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, вакцина барча мактабгача ёшдаги болалар ва 1-синф ўқувчиларини бепул марказлашган ҳолда эмлаш учун мўлжалланган. Бунинг учун республика бўйича 2753 та эмлаш пунктлари ташкил этилган.

«Вакцина деярли ҳеч қандай ножўя таъсир ва контрендикацияга эга эмас. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан жорий мавсум учун тавсия этилган вирус штаммларини ўз ичига олади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, гриппга қарши иммунитет эмлашдан тахминан 14 кун ўтгач шаклланади ва мавсум давомида гриппдан ҳимоя қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 20—30 сентябрь кунлари 4-5 ёшли болалар полиомиелитга қарши оммавий вакцинациядан ўтказилган эди. Ўшанда болаларни эмлаш учун ҳудудларга 1,2 миллион доза инактивланган полиомиелит вакцина етказиб берилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.