Ўзбекистон аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш қачондан бошланиши маълум

Улашиш:

Ўзбекистон аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш 2021 йилнинг март ойи биринчи ярмида бошланади. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаб маълумотига таяниб Санитария-эпидемиология хизмати матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги даволаш профилактика муассасалари қошида 3138 та эмлаш хоналари ва 820 та мобил бригадалар ташкил этилган, улар барча эмлаш ишларини жадвал ва босқичма-босқич амалга оширади.

«Республика бўйича хавф гуруҳига кирувчи аҳолини эмлаш ишлари якунланиши ва республикага вакцина келишига биноан қолган аҳоли ҳам эмланади», — дейилади хабарда.

Билдирилишича, айни пайтда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан GAVI ташкилотининг COVAX жамғармасига, COVID-19 инфекциясига қарши вакцина ишлаб чиқарувчи 12 та етакчи корхоналар билан ушбу вакциналарни харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг июль ойига Хитойнинг Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Cо. Ltd. компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва республикада ўтказилаётган клиник синовлари муваффақиятли ўтгандан сўнг коронавирусга қарши вакцинасини сотиб олиниши ҳам режалаштирилаётгани таъкидланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.