Президент марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни мукофотлади

Улашиш:

Шавкат Мирзиёев марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳамда шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохонни мукофотлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Фармонга асосан, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланди.

“Ўзининг серқирра фаолияти ҳамда беқиёс илмий-маърифий мероси билан исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, муқаддас динимизнинг улуғ инсоний ғояларини халқимизга етказиш, машҳур уламоларимизнинг бебаҳо асарларини чуқур тадқиқ этиш, турли мамлакат ва ўлкаларда кенг тарғиб қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги алоҳида хизматлари учун Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотлансин”, дейилди фармон матнида.

Шу каби, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳам Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланди.

“Ғоят мураккаб тарихий шароитда фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз ва минтақамизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини эл-юртимизга безавол етказиш, буюк уламо ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини турли миллатлар ва элатлар орасида кенг тарғиб этиш борасидаги кўп йиллик ибратли фаолияти, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ишларига қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни эзгулик ва маърифат, она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги юксак хизматлари учун Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотлансин”, дейилади фармонда.
2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.