Ўзбекистоннинг 200 нафарга яқин давлат хизматчиси Сингапурда малака оширади

Улашиш:

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси делегацияси Сингапурга хизмат сафари мобайнида бош вазир тизимидаги Давлат хизмати департаменти, Ли Куан Ю давлат сиёсати мактаби ҳамда Давлат хизмати коллежи раҳбарияти билан музокаралар олиб борди.

Дастлабки келишувга кўра, 2023 йил мобайнида 200 нафарга яқин давлат хизматчилари, шунингдек, 15 нафар академиянинг профессор-ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчилари юқоридаги таълим муассасаларида малака оширади ва стажировкадан ўтади.

Сингапур томони билан ҳамкорликда 3 ярим ҳафталик (1 ярим ҳафта Тошкентда ва 2 ҳафта Сингапурда) махсус малака ошириш курси ишлаб чиқилади. Курснинг биринчи ҳафтаси академияда тайёрлов курси сифатида ташкил этилади, Сингапурдан қайтгандан сўнг иштирокчилар академияда лойиҳани ҳимоя қилади.

Академияда магистратура ва докторантура дастурларини трансформация қилиш, ўқув режалари ва модулларини халқаро экспертиза қилишда Сингапур томони олимлари ва экспертлари фаол иштирок этади. 2023 йилда ҳамкорликда камида 2 та илмий-инновацион ва тадқиқот тадбири ҳамда 5 та илмий-оммабоп мақола орқали Сингапурда давлат сиёсати ва бошқаруви илғор тажрибаси Ўзбекистонда тарғиб қилинади.

Ҳозирда Сингапур Давлат сиёсати мактабида 4 та йўналишда магистратура:

- Давлат сиёсати (2 йил);

- Халқаро алоқалар (2 йил);

- Давлат бошқаруви (1 йил);

- Давлат бошқаруви ва менежмент (1 йил, хитой тилида) ҳамда илмий тадқиқотчилик (PhD) дастурлари мавжуд.

Тадқиқотлар йўналиши асосий 4 та соҳага қаратилган, хусусан «Сиёсатшунослик ва давлат бошқаруви», «Ижтимоий сиёсат», «Халқаро муносабатлар ва глобал бошқарув», «Иқтисодий ривожланиш ва рақобатбардошлик».

Давлат сиёсат мактаби ўзи қанақа мактаб?

Давлат сиёсати мактаби Глобал давлат сиёсати мактаблари тармоғи аъзоси ҳисобланади. Мактабнинг Давлат сиёсати йўналиши бўйича магистратура тингловчилари Колумбия университети, Лондон иқтисодиёт мактаби, Токио университетлари билан икки даражали (Double degree) дастурларида таълим олиш имкониятига эга.

2010 йилдан буён Давлат сиёсати мактабида давлат хизматчилари ва хусусий сектор вакиллари қисқа муддатли ўқув курсларида малакаларини ошириб келмоқда. Шунингдек, ҳар йили дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатларидан келган 2000 дан ортиқ юқори тоифали мутахассислар учун қисқа муддатли ўқув дастурлари амалга оширилади. Мазкур қисқа муддатли дастур тингловчиларининг 80 фоизини халқаро тингловчилар ташкил қилади.

Давлат сиёсати йўналиши бўйича давлат сиёсатининг асослари, XXI асрда давлат сиёсати муаммолари, давлат сиёсати жараёнлари, сиёсат институтлари ва иштирокчилари, сиёсатни аниқлаш ва баҳолаш, рақамли асрда давлат сиёсати, давлат сиёсатини ишлаб чиқувчилар учун етакчилик ва этика каби фанлар ўқитилади.

Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш, кадрларнинг онгини ўзгартириш, янги замон кадрларини шакллантириш муҳимлигини ўтказилган селекторларда бир неча бор таъкидлаган. Сингапурга ташриф доирасида ҳам ушбу мавзуларга бағишланган муҳокамалар бўлиши кутилмоқда. 4,7 миллиард долларгача қўшимча инвестиция жалб қилиш режалаштирилгани учун ҳам бу ташриф муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, самарасиз ишлаётган давлат корхоналарини хусусийлаштиришга ҳам инвестициялар жалб қилинади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.