Биринчи президентнинг халқдан сир тутилган ўғли — Рустам

Улашиш:

Тошкент шаҳридаги Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида 26 июнь куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татяна Каримовага нисбатан бўлган фуқаролик иши кўриб чиқилиши керак эди. Тошкент шаҳар суди тарқатган маълумотга қараганда, бу даъво предмети ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низога асосланган. Даъвогар эса Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан бўлган фарзанди, 54 ёшли Пётр Каримовдир.

Биринчи инстанция судида ишни судья Азиз Раҳмонов кўриб чиқиши белгилангани хабар қилинди. Қариндошлар ўртасидаги баҳс марҳум Ислом Каримовнинг мероси бўйича келиб чиққан. Айрим манбаларнинг айтишича, гап миллионлаб доллар устида кетмоқда.

Лекин аввал хабар қилганимиздек, 26 июн куни бўлиб ўтадиган суд жавобгар тараф (Татяна Каримова) расмий вакилининг аризасига кўра, номаълум муддатга қолдирилди. Шунингдек, томонлар суд мажлиси ёпиқ тарзда кўрилишини сўраган. ФИБ Яккасарой туманлараро суди расмийлари бугунги суд жараёнига иккала тараф ҳам келмаганини билдирди. 

Пётрнинг сабр косаси тўлди

Бу Пётр Каримовнинг отаси вафотидан кейинги биринчи даъвоси эмас. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясида бир неча йил ишлаган Пётр Каримов 2018 йилда Москвадаги суд орқали иш берувчидан ўзига белгиланган пул маблағларини ундириб беришни сўраган эди. Йил охирига келиб, масала бўйича даъвогар ва жавобгар ўртасида муддатдан аввал келишувга эришилгани туфайли иш тугатилган.



Роппа-роса бир ой олдин эса Пётр Каримов Россия ОАВлари “тилига” тушган. Маълум қилинишича, Россия пойтахти яқинидаги Красногорск шаҳрида хотини Юлия Сметанкина билан яшаётган Пётр Каримовнинг оилавий ҳаёти аввал бирмунча сокин бўлган. Юлиянинг айтишича, у билан 3 йиллик ҳаёти давомида Пётр аввал унга бирор марта ҳам қўл кўтармаган. Бироқ 16 май куни Пётр уйига маст ҳолда келган ва хотинидан Тошкент шаҳригача авиачипта ва меҳмонхона учун пул беришини сўраган. Хотини пул бермагач, Пётрнинг ғазаби қайнаб кетган ва Юлияни ўғирликда айблаб, ура бошлаган. Телефон билан бошига урган, юзини ёқилган электр печкага суркамоқчи бўлган.

Полиция Пётрни хотинини калтаклашда гумон қилиб қўлга олган. Суҳбатлашиб қўйиб юборишган. Бироқ Юлия Сметанкинанинг ОАВларга маълум қилишича, Пётр полициядан чиққач, ғойиб бўлган.

Пётр Каримовнинг ишлари охирги пайтларда унча юришмаган. Аввал уни Ўзбекистонда пулга алдашган. Кейин Пётр йирик миқдорда омонат қўйган банк инқирозга учраган. Сўнг эса ўзини юрист деб таништирган бир одам йўқолган омонатларни қайтаришда ёрдам беришни ваъда қилган. Лекин у ҳам Пётрнинг 6 миллион 270 минг рубл пулини алдаб олиб, ғойиб бўлган.

Юлиянинг айтишича, бундай муваффақиятсизликлар сабабидан Пётр жиззаки бўлиб қолган ва спиртли ичимликларга ружу қўйган. Аламини ичкиликдан олган.

Полиция бўлимидан қўйиб юборилган Пётр ғойиб бўлгач, Ўзбекистонга келганини тахмин қилиш мумкин. Пётр Тошкентга келиб, уни мерос пули улушидан маҳрум қилган марҳум президентнинг хотини Татяна Каримовани судга берган.

Пётр қаердан келиб қолди?

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг ҳаётлик давридаги расмий таржимаи ҳолида унинг катта ўғли – Пётр ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Масалан, Каримов ҳақида Марказий сайлов комиссияси сайтида қуйидагича маълумот эълон қилинган:

«Оилали, икки қизи ва тўрт набираси бор. Турмуш ўртоғи Т.А.Каримова, маълумоти бўйича иқтисодчи, иқтисодиёт фанлари номзоди, Фанлар академиясида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, ҳозирда нафақада».

Бироқ “Википедия” очиқ энциклопедиясида қуйидаги маълумот берилган: «Ислом Каримов биринчи марта ўтган асрнинг 60-йилларида уйланган. Наталья Петровна Кучма билан никоҳидан ўғил фарзанд туғилган. Ислом Каримовнинг ўғли – Каримов Пётр Исломович 1969 йилда туғилган. Бироқ президентнинг расмий таржимаи ҳолида унинг биринчи турмуши ва тўнғич ўғли ҳақида ҳеч нарса айтилмаган».

Нега Каримов ўз ўғлини тан олмаган?

90-йилларда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматида ишлаган журналист Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, Ўзбекистонда 1991 йилда ўтказилган илк президент сайлови олдидан президентликка номзод Ислом Каримовнинг ҳамма ҳужжатлари асосли бўлишига бош қотиришга тўғри келган. Жумладан, Ислом Каримовнинг катта ўғли Пётр исмини бир неча марта президент автобиографиясига киритган. Бироқ бир неча марта чиқариб ташлашган. Шунда Ш.Убайдуллаев “ҳақиқатан шундай ўғлингиз борлиги яширилмаслиги керак. Буни сиз яширингиз мумкин, биз яширишимиз мумкин. Лекин тарих яширмайди. Эртага мухолифат “Пётр қаерда қолди?”, деса, бу саволга жавоб топишда қийналасиз”, деб тушунтиришга ҳаракат қилган. Каримов рози бўлган. Бироқ атрофидагилар бу фактни яна таржимаи ҳолдан чиқариб ташлашган. Ш.Убайдуллаевнинг тахмин қилишича, бунда президентнинг хотини Татьяна Каримованинг ҳам қўли бўлган.


Пётрнинг Ислом Каримов, унинг янги оиласи ва шотирлари томонидан тан олинмаслиги фақат таржимаи ҳолига киритилмаслиги билан чекланиб қолмайди. Гап шундаки, ота-онаси тирик бўла туриб, қолган туғишганларидан фарқли ўлароқ интернатда катта бўлган Ислом Каримов ҳаётда ўз ўрнини топиш учун барча воситаларни ишга солишдан тортинмагани айтилади. Каримов Тошкентдаги ўқишини тугатиш арафасида Наталья Кучма билан учрашиб юради. Бахтли “тасодиф”ни қарангки, у севган қиз В.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директорининг қизи эди. Бундай тактика иш берган – гарчи Ислом Каримов қишлоқ хўжалиги машиналари соҳасида мутахассис эканига қарамасдан, қайнотаси уни бирлашманинг конструкторлик бюросига муҳандис-конструктор лавозимига ишга олган. Шундан сўнг ёш мутахассиснинг омади кундан-кунга чопа бошлаган. Бунинг устига Каримовнинг тўнғич фарзанди дунёга келган. Унга Рустам деб исм қўйишган.

Қайнотасининг ёрдам беришига қарамасдан, Ислом ва Натальянинг турмуши кўпга чўзилмаган. Айримларнинг айтишича, Ислом Каримов мансаб пиллапояларидан кўтарилиши учун Натальяни танлаган. Чунки Наталья бухоро яҳудийларидан бўлган. Бироқ янада баландроқ чўққиларни кўзлаган Каримов Наталья билан ажрашишга қарор қилган. Чунки ўша даврларда (балки кейин ҳам) тепага кўтарилиш учун фарғоналик “зўр”лар билан муносабат ўрнатиш талаб қилинган.

Юқори мансаб йўлидаги юришини янги ва фойдали хотин билан давом эттирган Каримовдан ажрашгач, Наталья ҳужжатларини ва ўғлининг исмини ҳам Пётрга ўзгартирган.

Янги хотин – янги имкониятлар

Орадан бир муддат ўтиб, Каримов яна уйланган. Бу гал у “севган” аёл Татьяна, расмий маълумотларда Самарқанд давлат университетини, айрим манбаларда эса ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. У Ислом Каримовга икки қиз — Гулнора ва Лолани туғиб берган. Қизчалар ўзбек халқи ҳисобидан ташкил этилган чексиз ҳашамат, бойлик ва имкониятларга ғарқ бўлиб ўсишди. Уларнинг бизнес ва сиёсатдаги  “муваффақият”лари қудратли отасининг қўллови билан амалга ошгани ҳеч кимга сир эмас.

Айтишларича, Татьяна Каримова эрига ўғли Пётр билан кўришишни тақиқлаб қўйган, уни ва онасини ҳатто эслашга ҳам йўл қўймаган. Пётр Исломович Каримов ўша вақтдаги нуфузли таълим даргоҳи Тошкент халқ хўжалиги институтида «саноатни режалаштириш» мутахассислиги бўйича ўқиган. Бу ўқув юртига кириш учун ўша даврда ёки катта мансабдор таниш, ёки катта пул керак бўлган. Институтда ҳамма Пётр кимсан Ислом Каримовнинг ўғли эканини билган. Ислом Каримов эса бу пайтга келиб, Ўзбекистон ССР молия вазири бўлган. Бироқ Пётр Каримов бирор марта ҳам биологик отасининг обрўсидан фойдаланишга ҳаракат қилмаган. Пётр институтда яхши ўқиган ва ўз ҳаётини ўзи мустақил қурган. У онаси билан бирга Тошкентдаги эски кўп қаватли уйлардан бирининг биринчи қаватидаги уч хонали хонадонда яшаган.

Пётрнинг дўстлари айтишича, оила ўртаҳол яшаган. Пётрнинг энг катта орзуси машина олиш бўлган. Бунинг учун “дом” ҳовлисида гараж ҳам қурган. Бироқ автомобиль орзуси анча йиллардан кейин амалга ошган холос.


Институтни тугатгач, 1990-йилларда Пётр ўзи ўқиган таълим даргоҳининг «Халқаро иқтисодий алоқалар» кафедрасида ишлаган ва параллел равишда аспирантурада ўқиган. Кейинчалик у Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясига ўқишга кирган. Бир йилдан кейин Санкт-Петербургда номзодлик ишини ёқлаб, Ўзбекистонга қайтган ва Ўзбекистон миллий банкида раис ўринбосари бўлиб иш бошлаган.

Шу давр давомида ҳам Пётр отаси билан деярли мулоқот қилмаган. Бироқ бу пайтга келиб, президентлик курсисини банд қилган Ислом Каримов ўғлига умуман ёрдам бермаган деб бўлмайди. Эҳтимол Пётрнинг иши тушган идора ва мансабдорлар тепадан кўрсатма бўлмаса-да, ҳар эҳтимолга қарши Пётр учун имконият дарвозаларини очиб берган бўлиши мумкин.

2016 йил 2 сентябрда Ўзбекистон ҳукумати президент Ислом Каримовнинг вафоти ҳақида маълум қилди. Дафн маросимида марҳумнинг фарзандларидан фақат Лола ва беваси Татьяна қатнашган холос. Лекин ҳатто Лоланинг эри ва болалари кўринмаган. Бу манзара Ўзбекистонда янги давр бошлангани, биринчи президент ва унинг оиласи даври энди ўтмишда қолганини яна бир бор тасдиқлаган.

Марҳум президентнинг тан олинмаган ва борлиги ҳалқдан сир тутилган ўғли эркатой сингиллари билан деярли мулоқот қилмаган. Дўстларининг айтишича, Пётр ҳатто ҳамманинг олдида “улар қанақасига менга сингил бўлишади” деган. Пётрнинг онаси Наталья 2008 йилда вафот этган.

Яна Пётрнинг “Тошкент сафари”га қайтамиз

Хулоса қилиш мумкинки, Пётр Каримовнинг сабр косаси тўлган. Ҳатто невараси Исломга ҳам Швейцариядаги кўл соҳилидан фалон миллион долларлик вилла олиб берган биринчи президентдан қолган меросдан унга бир цент ҳам беришмагани ва ўгай онаси-ю сингиллари беармон яшаётгани Пётрнинг ғазабини қўзитган бўлса эҳтимол. ОАВ ҳар замонда АҚШда жаннатмонанд ҳаёт кечираётган Лолахоннинг гоҳ Калифорнияда ёнғиндан зарар кўрганлар учун, гоҳ уйсиз кучуклар учун фалон миллионлаб доллар ажратгани ҳақида бонг уриб туради.

Суд жараёни – интиҳонинг ибтидоси бўлиши мумкин

Яқинда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Facebook’да бир пост жойлади. Унда айтилишича, Ислом Каримовнинг беваси Татяна Каримова ижтимоий тармоқларда биринчи марта нолиб, пост қўйган. Собиқ биринчи хоним қамоқдаги қизи Гулнора Каримова билан учрашиш имконияти берилмаганидан нолиган. Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Татяна Каримованинг асосий мотивлари бошқача.

Биринчидан, Гулноранинг қамалишида оилада ички консенсус бор эди. Гулнора озодликдаги пайтида, Татьяна Каримовага кўп ташланган, танқид қилган. Натижада, Татьяна Каримованинг ўзи Гулноранинг қамалишига эътироз билдирмаган. Лекин Гулнора қамалишининг асосий сабаби – бу Гулнора Каримовани қутқариш операцияси эди. Халқаро қонунчиликка кўра, бир шахс бир неча давлатда айни ёки ўхшаш моддалар билан айбланса ва шу давлатлардан биттасида жазони ўтаб чиқса, қолган давлатлардаги унга қарши очилган жиноий ишлар ёпилади. Гулнорани унинг отаси Каримовнинг ўзи қаматган. Мақсад Швеция, Швейцария, Франция, Болтиқбўйи республикалари ва АҚШда Гулнорага қарши очилган жиноий ишларни ёпиш эди. Агар Ислом Каримов тирик бўлганида, Гулнора узоғи билан 3-4 йилда қамоқдан чиқарди ва унга қарши очилган бошқа давлатлардаги жиноий ишлар ўз кучини йўқотар эди.

Лекин, кутилмаганда, Каримов 2016 йил сентябрида вафот этди. Янги ҳокимият Гулнорани қамоқдан чиқариш борасида ўйлай бошлади. Лекин, бу сафар ҳам Гулноранинг ўзи ҳамма ишни белига тепди. Твиттер ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали, Гулнора, янги ҳокимиятни айблаб бошлади. Шундай сўнг “бу қиз ичкарида ўтиргани яхши экан” деган хулосага келинди.

Иккинчидан, Каримов вафотига сал кам 7 йил бўлиб, оила ташқи босимларни ҳар доимгидан кучли ҳис қила бошлади. Пётр Каримов Татьяна Каримовани судга берди. Суд бу ишни кўришга розилик берганининг ўзи, Татьяна Каримовани хавотирга солади. Чунки унинг қарашлари шундайки, Пётр Каримовнинг даъволари судда кўрилиши мутлақ инкор қилиниши керак эди.

Учинчидан, ижтимоий тармоқлар орқали, Татьяна Каримова Ўзбекистон ҳокимиятидан нолимоқда. “Нега қизимни кўришга имконият бермаяпсиз?!” демоқда. Демак, Татьяна Каримова одатий каналлар орқали ҳокимиятга чиқа олмаган ёки рад жавобини олган. Шундан сўнг, омма олдида мурожаат қилиш йўлини танлаган бўлиши керак.

Асосий хулоса, 1990 йилларнинг охирида иккига бўлинган собиқ биринчи оила, Каримов вафотидан 7 йил ўтиб, бирлашиш учун имконият изламоқда. Энди уларда катта ҳокимият йўқ. Ташқи босим ошиб бормоқда. Улар, қўлидаги ресурслар ва имкониятларни сақлаб қолиш учун, бирлашиш кераклигини яхши билишади. Агар қамоқдаги Гулнора ўзгарган бўлса ва бундан кейин ҳокимиятдагиларга тош отмаслиги, сиёсий жараёнларга таъсир қилиш нияти йўқлиги аниқланса, у яқин ойлар ва йилларда қамоқдан чиқарилиши мумкин. Агар Гулнора ҳали ҳам эски кайфиятда бўлса, ҳали яна анча вақт қамоқда ўтиришига тўғри келади, дея фикр билдирган сиёсатшунос.

Нима бўлганда ҳам, Пётр тиниб қолган сувга тош ташлаб, яна лойқалатди. Бундан аввал у Татьяна билан судсиз келишишга уринган, аммо бундан натижа чиқмагани боис, суд орқали ўз мақсадига эришмоқчи бўлгандир эҳтимол. Бироқ суднинг номаълум муддатга қолдирилгани, Пётрнинг судсиз ўз миллионларига эга бўлишига ишора қилмоқда. Ҳар ҳолда мерос тақсимлашда адолат ва тенглик тамойиллари бўлгани яхши.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.