ШҲТ раислиги Қозоғистонга ўтди

Улашиш:

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислик Қозоғистонга ўтган. Кеча ШҲТнинг навбатдаги саммити онлайн тарзда Ҳиндистон раислигида ўтказилган.

Президент Шавкат Мирзиёев видеоанжуман шаклидаги мажлисда иштирок этган. Кун тартибига мувофиқ, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида халқаро муносабатлар тизимида рўй бераётган туб ўзгаришлар – геосиёсий кескинлик кучайиб, зиддиятлар авж олаётгани, глобал барқарорлик ва изчил тараққиётга хавф солаётган янги хатар ва таҳдидлар пайдо бўлаётгани, экология, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги соҳасидаги хавфлар ортиб бораётганини айтган.

Саммит кун тартибидан келиб чиқиб, Шавкат Мирзиёев ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни билдирган:

  • кўп томонлама сиёсий ҳужжат — ШҲТнинг яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқиш;
  • инновацион тараққиёт, рақамлаштириш ва роботлаштириш, сунъий интеллект, биотехнология, фармацевтика ва келажак саноатининг бошқа тармоқларини қамраб оладиган ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқоти дастурини қабул қилиш;
  • Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудларининг инновацион шериклиги ҳафталигини ва юқори технологиялар қўшма кўргазмасини ўтказиш;
  • ШҲТ давлатларининг транспорт ўзаро боғлиқлигининг ягона харитасини ишлаб чиқиш;
  • “Яшил камар” дастури доирасида Минтақавий экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тайёрлаш;
  • Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро университети негизида шу йилнинг октябрь ойида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей сессияси доирасида ШҲТ туризм индустриясини ривожлантириш бўйича қўшма илмий-амалий конференция ўтказиш;
  • “ШҲТ — келажакнинг ижодий ғоялари ва ташаббуслари макони” ёшлар алмашинувини кенгайтириш бўйича Тадбирлар дастурини тайёрлаш;
  • “ШҲТ – Афғонистон” алоқа гуруҳи форматида қўшма фаолиятни ва маслаҳатлашувларни қайта тиклаш.

Тадбир якунида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари қуйидаги ҳужжатларни имзоладилар:

  • ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Нью-Деҳли декларацияси;
  • 2030 йилга қадар ШҲТ минтақасида иқтисодий ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида қарор;
  • Эрон Ислом Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш тартиботини якунлаш ва унга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш тўғрисида қарор;
  • Беларусь Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумни имзолаш ҳақида қарор.
  • Бундан ташқари, иқтисодий ҳамкорлик ва рақамли трансформацияни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қаратилган 10 та ҳужжат қабул қилинган.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.