ДХА Жиззах вилоят бошқармаси 9 ойлик фаолияти якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказди

Улашиш:

2020 йилнинг 23 октябрь куни ДХА Жиззах вилоят бошқармаси томонидан “2020 йилнинг 9 ойида ДХА тизимида ҳамда ФҲДЁ соҳасида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда бошқарма бошлиғи ўринбосари Неков Алишер Жўраевич иштирок этди ва тизимда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.

Унда мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсда бошланган ишлар доирасида бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

- Айни пайтда 13 та шаҳар ва туман Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 148 турга яқин давлат хизматлари кўрсатилмоқда, - дейди ДХА вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Неков. - 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида марказлар томонидан қарийб 224 минг 883 та хизмат кўрсатилган.  

Энг кўп мурожаатлар электрон рақамли имзо бериш (24 640), кадастр паспортини шакллантириш (16 059), жисмоний шахслар учун СТИР бериш (15 512), ФҲДЁ органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш (13 719), Фуқароларга фарзанд туғилганда тўланадиган бир маротабалик нафақа пулини олиш (12 613), кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш (12 241), СТИРни аниқлаш (11 937), тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш (10 144), фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш (10 060) ва Болаларни давлат боғчаларига жойлаштириш  (9 222) бўйича келиб тушган.

Шунингдек, матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПФ–5938-сон Фармонига асосан жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, ФҲДЁ органлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилганлиги айтиб ўтилди.

Мазкур Фармон билан Агентликка ФҲДЁ органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функциялари юклатилди.

Натижада, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали юритишга ҳуқуқий асос яратилди.

Бугунги кунда, вилоятимизда жами 14 та ФҲДЁ органлари фаолият юритиб, уларда 36 нафар ходимлар аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Фармонга кўра, мавжуд ФҲДЁ органларининг бинолари тегишли тартибда ҳокимликлар балансидан қабул қилиб олинди.

Бундан ташқари, 5 та туман ФҲДЁ бўлимлари янги қурилган ва барча шароитларга жавоб берадиган замонавий Давлат хизматлари марказлари биноларида фаолият олиб бормоқда. Йил якунига қадар яна 2 та туман ФҲДЁ бўлими кўчириб ўтказилади.

Аҳолига сифатли давлат хизматлари кўрсатиш учун мазкур соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацияларини жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномалар бланкаларини қўлда тўлдириш талаби бекор қилинди ва уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда фақат босма ҳарфлар билан QR-код билан тўлдириш тартиби жорий этилди. Бунинг учун ФҲДЁ органларига махсус 20 та принтер ва компьютер техникалари билан таъминланди.

Бу билан, гербли гувоҳномаларни қўлда тўлдиришда юзага келадиган хато ва ноаниқликлар бартараф этилиб, фуқароларга саноқли дақиқаларда ҳуқуқий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.

Республика махсус комиссияси томонидан карантин қоидалари юмшатилиши муносабати билан 30 кишилик тўй маросимларини ўтказиш ҳолати кўпайди. Бу ҳолат қайсидур маънода фуқароларимизга маъқул келди десак ҳам тўғри бўлади.

Масалан, туй маросимларига 3 ойлик тақиқ ўрнатилган даврда жами 1.385 та никоҳ расмийлаштирилган бўлса, тўй маросимларига 2,5 ойлик рухсат берилган даврда 6.348 та никоҳ расмийлаштирилди, бу кўрсаткич 5 баробарга кўпайди.           

ФҲДЁ соҳасида кўрсатилаётган давлат хизматлари бўйича тўлов ундириш учун автоматлаштирилган “Биллинг” тизими жорий этилди. Бу эса, ундирилган маблағларнинг реал вақт режимида банк ҳисоб рақамларига келиб тушишини таъминлаб, тўлов ундириш жараёнининг шаффоф бўлишига хизмат қилмоқда.

Архив ҳужжатларини рақамлаштириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августдаги ПҚ–4797-сон қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур қарор билан Адлия вазирлигига 2021 йилнинг  1 январига қадар “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимида ФҲДЁ органлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базаларини шакллантиришни якунлаш вазифаси юклатилди.

Ушбу вазифани амалга ошириш учун ФҲДЁ органларига шартнома асосида Республика бўйича 2,5 мингдан ортиқ, вилоятимизга 90 нафар архивариуслар вақтинчалик жалб этилди. Натижада, бугунга қадар вилоят ФҲДЁ органларида қоғоз ташувчиларда сақланаётган 2 млн.га яқин далолатнома ёзувларининг 91 фоизи (1,750 млн) рақамлаштирилди.  

Бундан ташқари, Агентлик томонидан манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда бугунги кунга қадар, 3,5 млн. нафардан ортиқ 16 ёшга тўлмаган болаларга жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақамлари (ЖШ ШИР) бириктирилиши таъминланди.

Далолатнома ёзувларига ЖШ ШИРни бириктириш орқали фуқароларга барча турдаги давлат хизматларини тезкор ва автоматлаштирилган тартибда кўрсатиш имконияти вужудга келади.

Албатта, ФҲДЁ соҳасида амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, ушбу соҳадаги мавжуд муаммолар ва салбий ҳолатларни ҳам инкор қилиб бўлмайди.

Хусусан, ФҲДЁ органлари ходимлари орасида ўз вазифасини суиистеъмол қилаётган, коррупциявий ҳолатларга йўл қўяётганлари ҳам учраб турибди. Бу каби, салбий ҳолатлар содир этилишига қайсидир маънода, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш масалаларига кам эътибор қаратилганлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Эндиликда, Ҳукуматнинг 2020 йил 26 августдаги 514-сон қарорига асосан ФҲДЁ органлари ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари бўйича Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ходимларига тенглаштирилди.

Бу эса, ФҲДЁ органлари ходимларига муносиб иш шароитини яратиб, уларнинг меҳнатига адолатли ҳақ тўлаш имкониятини беради.

Шуни таъкидлаш жоизки, Адлия вазирлиги давлат бошқарув органлари орасидан биринчилардан бўлиб коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритди. Тизимда коррупцияга қарши муросасиз кураш эълон қилинган ҳамда коррупцияга тоқатсизлик сиёсати олиб борилмоқда.

Соҳани юқори билим ва салоҳиятга эга бўлган кадрлар билан таъминлаш мақсадида, 2021 йил 1 январга қадар туман (шаҳар) ФҲДЁ органлари ходимлари Адлия вазирлиги томонидан аттестациядан ўтказилиши режалаштирилди.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

 

ДХА Жиззах вилояти бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.