ДХА Жиззах вилоят бошқармасининг матбуот анжумани ўтказилди

Улашиш:

2020 йилнинг 23 январь куни Жиззах давлат педагогика институтида Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси томонидан 2019 йилдаги фаолияти якунлари ва 2020 йилдаги устувор вазифалар мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Жиззах вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ДХА Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзаков иштирок этди ва маъруза қилди.

Маърузада мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсда бошланган ишлар доирасида бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Хусусан, шаҳар ва туманларда Давлат хизматлари марказлари томонидан 2018 йилнинг бошида жами 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 130 тага етгани, жорий 2020 йилда хизматлар сонини 160 тага етказиш режалаштирилаётганлиги қайд этилди.

- Айни пайтда 13 та шаҳар ва туман Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 130 турга яқин давлат хизматлари кўрсатилмоқда, - дейди ДХА вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзаков. - 2019 йилда марказлар томонидан қарийб 408 минг 147 та хизмат кўрсатилган. Эътиборли жиҳати, ушбу кўрсаткич ўтган 2018 йилга таққослаганда 210 951 тага кўп. Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, хизмат кўрсатиш кўрсаткичи икки йилда 2,5 баробарга ортган.

Энг кўп мурожаатлар СТИРни аниқлаш (49 295), жисмоний шахслар учун солиқ тўловчининг идентификацион рақамини (СТИР) олиш (41 678), фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимига хисобга қўйиш (31 245), ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун ариза юбориш (27 207) Болаларни давлат боғчаларига жойлаштириш  (24 920), кўчмас мулк обектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга ариза юбориш (20 720), юридик шахслар, жисмоний шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқ қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш (13 469) бўйичи келиб тушган.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида олис жойларга чиқиш орқали “Мобиль давлат хизматлари” йўлга қўйилганлиги таъкидланиб,  шу кунга қадар вилоят бўйича жами 14 мингдан ортиқ сайёр хизматлар кўрсатилганлиги қайд этилди.

Мирзачўл, Дўстлик, Зарбдор, Фориш, Янгиобод туманларида марказ биноси қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилган. 7 та туманда (Жиззах ш., Ш.Рашидов, Ғаллаорол, Зомин, Арнасой, Зафаробод, Пахтакор) қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Анжуманда амалга оширилаётган самарали ишларга қарамай, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида баъзи қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги ҳам аниқланганлиги билдирилди. Давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими орқали 2019 йилнинг ўзида ўтказилган назорат тадбирлари, шунингдек аниқланган қонун бузилиши ҳолатларининг ташкилотлар кесими бўйича тахлил қилинганда жами 6 428 та мана шундай ҳолат аниқланди. Энг катта қонунбузилиш ҳолати “Ўзбекэнерго” АЖ зиммасига тўғри келиб, аниқланган қонунбузилиш сони 4 175 та, иккинчи ўринни Ер ресурслари ва давлат кадастри идоралари 1029 та билан эгаллаган. Охирги учликни 422 та қонун бузилиш билан “Ўзтрансгаз”АК якунлаган.

Кейинги ўринларда 239 та маҳаллий ҳокимликлар, қурилиш ва архитектура идоралари 196 та, Ижтимоий таъминот идоралари 113 та, ДСЭНМда эса 61 та ҳолат аниқланди.

Ўтказилган ўрганишлар натижаси бўйича ваколатли органга 24 та тақдимнома киритилган, 17 нафар шахсга нисбатан интизомий жавобгарлик қўлланилди, тўғридан-тўғри расмийлаштирилиб киритилган маъмурий баённомалар 146 тани ташкил этган бўлса, маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар 146 нафар. Бундан ташқари  22 та огоҳномалар юборилган.

Анжуманда мутасаддилар журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтардилар.

  ДХА Жиззах вилоят бошқармаси

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.