Халқаро сиёсий жараёнларда, катта куч марказларининг ўз сиёсий истакларини амалга оширишда Soft power, Smart power ёки Hard power деб аталувчи сиёсий услубларга дуч келамиз. Soft power услуби айнан Хитой ташқи сиёсатига хос. Албатта Хитойнинг "юмшоқ кучи" натижаси бугунги кунда дунё бўйлаб ўз акс садосини беряпти. Бу расмий Пекин ва Марказий Осиё давлатлари муносабатларида ҳам яққол сезилади. «Геосиёсат»нинг бугунги сони Хитой ва Марказий Осиё муносабатлари ҳақида бўлади.
Мавзуни Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти илмий ходими Аббос Бобохонов ва Билим карвони ақл маркази таҳлилчиси Наргиза Умаровалар билан биргаликда таҳлил қиламиз.
— Сўнгги йилларда Хитойнинг «юмшоқ кучи»га доир бир қатор йирик тадқиқотлар олиб борилди. Дунё эксперт ва илмий доираларида бу мавзу фаол муҳокама қилинмоқда. Хитойча «юмшоқ куч»нинг ўзига хос жиҳатлари нимада?
Аббос Бобохонов: — «Юмшоқ куч» концепцияси ўтган асрнинг 90-йилларида Жозеф Най томонидан илгари сурилган. Обама даврида бу нарса концепция сифатида шаклланди. Хитойда ҳам «Юмшоқ куч» ривожланиши 21-аср бошига тўғри келади. Марказий Осиёда бу концепция ҳақидаги тушунчалар 3-4 йил олдин пайдо бўлган. Ўзбекистон шароитида буни ўрганишга бўлган эҳтиёж жуда катта. Тадқиқотлар олиб борилиши керак. «Юмшоқ куч» концепцияси амалиётда қўлланяпти ва натижасини беряпти, шунинг учун уни ўрганиш, тадқиқ этиш керак бўлади.
Наргиза Умарова: — «Юмшоқ куч» қудратли давлатлар, яъни муайян сиёсий амбицияга, ресурсларга эга давлатлар томонидан ишлатиладиган дипломатиянинг бир кўриниши ёки умуман кўринмайдиган кўриниши дейиш ҳам мумкин. Бундай концепция узоқ муддатга мўлжалланган бўлади. Ўзига хос стратегиялари ишлаб чиқарилади.
Хитой қудрати ошган сайин бошқа қудратли давлатлар сингари «Юмшоқ куч» концепциясидан фойдаланади. Жозеф Най назариясига кўра, бу нарса оммавий дипломатия дейилади. Бунда нодавлат ташкилотлар, фуқаролик институтлари кўпроқ жалб этилади. Популяр шахслар ҳам шуғулланиши мумкин. Хитойнинг «Юмшоқ куч»и ҳам ўзига хос кўринишга эга. Хитой «Юмшоқ куч» сифатида ижтимоий-ҳуманитар алоқалардан ташқари иқтисодий, технологик дипломатияни ҳам қўллайди, инвестицияларни ҳам. Хитой идеалогияси ҳам «Юмшоқ куч» воситаси ҳисобланади.
Марказий Осиёга «Юмшоқ куч» кириши олдинроқ бошланган, чунки Хитой Марказий Осиёда инвестициялар орқали молиявий дипломатияни амалга ошириб келмоқда анчадан бери. Бугунги кунда эса бошқача кўринишлари ҳам кириб келмоқда. Дейлик, технологик, ҳарбий томондан бундай кучлар ортиб бораётганини экспертлар таъкидламоқда.
— Хитой Марказий Осиё элиталари ва жамиятларида ижобий имижни шакллантиришда медиа ресурслардан устамонлик билан фойдаланиши ҳақида эшитганмиз. Ўзбекистонда ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкинми? Ўзи маҳаллий оммавий ахборот воситаларимиз Хитойга нечоғлик хайрихоҳ?
Аббос Бобохонов: — «Юмшоқ куч» катта иқтисодий қудрат талаб қилади ва узоқ муддатга мўлжалланган бўлади, шунинг учун кўп давлатлар буни ишлата олмайди. «Юмшоқ куч» Хитойнинг тарихига ҳам боғлиқ, шунинг учун бу концепцияни қабул қилган. Минг йиллар олдин ҳам шундай «Юмшоқ куч» кўринишлари бўлган Хитойда.
Медиа, ОАВ, технологиялардан фойдаланиш сўнгги йилларда Хитойнинг ушбу соҳаларда эришаётган ютуқлари натижаси деб ўйлайман. 90-йилларда Хитой бу қадар иқтисодий кучга эга эмасди. 2000 йилдан кейин «Юмшоқ куч» фаоллашди. 2007 йилда Коммунистик партия съездида илгари сурилди ва съезд якуний ҳужжатига киритилди. 2004 йилдан бошлаб Хитой маданиятини бутун дунёга ёйиш, Конфуций институтлари очилиши ҳам «Юмшоқ куч»нинг бир кўриниши эди дейишади мутахассислар. 13 та Конфуций институтлари бор Марказий Осиёда. Ҳали бу ҳаракатлар давом этади ҳам.
«Юмшоқ куч»га нисбатан жуда бир салбий қараш керак эмас. Исталган давлат, Ўзбекистон ҳам ўз маданиятини тарғиб қилиш, таъсирини ошириш учун «Юмшоқ куч» воситаларидан фойдаланиши мумкин. Америка ва бошқа ғарб давлатларида кўплаб Конфуций институтлари ёпилди, чунки улар сиёсийлаша бошлаган эди. Бундай институтларнинг мақсади хитой тили ва маданиятини тарғиб қилиш бўлиши керак. Марказий Осиёда ҳали бундай сиёсийлашиш муаммоси бўлганича йўқ. Хитой тили мураккаблиги учун ҳам бизда оммалашиб кетганича йўқ бу.
Наргиза Умарова: — «Юмшоқ куч» ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлавермайди. Хитой мисолида оладиган бўлсак ҳам, катта ресурслар эвазига амалга оширган ишлари самара беравермайди ҳамма вақт ҳам. Масалан, Ғарбда Хитойнинг «Юмшоқ куч»и самара бермаяпти деярли. Марказий Осиёда ҳам Хитойнинг маданий дипломатияси катта таъсирга эга эмас. Турли кўринишдаги тарғиботлар у қадар самара бермаяпти, менимча. Чунки бизда Жанубий Кореянинг маданиятига қизиқиш каби қизиқиш йўқ Хитойга нисбатан, гарчи Хитой кўпроқ ҳаракат қилаётган бўлса-да. Хитой тилига қизиқиш бироз ўсган, бунга сабаб эса Марказий Осиё талабалари учун квоталар таклиф қилинаётгани. Лекин умумий аҳолимизда хитой тили ва маданиятига қизиқиш йўқ.
Хитойнинг ОАВга таъсири бўйича катта тадқиқотлар ҳам олиб борилган. Энг оддий усуллардан бири — контент алмашинуви. Масалан, ўтган йили Хитой раҳбари Ўзбекистонга ташрифи доирасида Хитойнинг энг йирик ахборот агентлиги бўлмиш Син Хуа ахборот агентлиги билан Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бундай шартнома ортидан текширилган, маъқул бўлган материаллар алмашинуви бўлади. Дейлик, келишувсиз бошқа манбалардан материал олинса, уйғурлар мавзусида нимадир олиш мумкиндир, лекин бу келишувдан кейин Хитой тарафи бундай контекстдаги салбий материал тақдим этмайди, албатта. Хитойда катта цензура борлигини ҳисобга олсак, бу айни муддао бўлади ва бу шартнома таклифи Хитой томонидан чиққан, менимча.
Бундан ташқари, Хитой тарафи журналистлар учун сафарлар,турли тренинглар ташкил этиб беради Хитойда. Тўғри, Хитой ривожланган давлат, ундан ўрганиладиган жиҳатларимиз ҳам бор. Лекин бу билан Хитой ўз манфаатларини кўзлаяпти.
Агрессив таъсир қилиш методлари ҳам бор Хитойда. Бу нарсани Хитой тўғридан тўғри давлат номидан қилмайди, балки турли технологик компаниялар орқали амалга оширади. Масалан, Huаwei компанияси кўплаб давлатларда бевосита компартия манфаатларини ифода этувчи вакил сифатида иштирок этади. ОАВ билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Сўнгги йиллардаги тадқиқотларга кўра, Хитой ўз компанияларидан ташқари ўша кўзланган давлатнинг маҳаллий компанияларини ҳам ўзининг пиарчисига, таъсир қилиш воситасига айлантириб олади. Бир қарашда бу ишларни Хитой қилмаётгандай ҳам кўринади.
Бундан ташқари, кибертаҳдидлар ҳам бор ОАВга. Қирғизистон бўйича олиб борилган тадқиқотларга кўра, баъзи ОАВнинг акциялар пакетини хам сотиб олган Хитойлик бизнесменлар.
«Юмшоқ куч» орқали ўз таъсирини кўрсатиш Африкада яққол кўринади. Африка оммавий ахборот воситаларида Хитой ҳақидаги салбий маълумотлар деярли учрамас экан, экспертлар айтишича. Қайсики давлатларда сўз эркинлиги чекланган бўлса, ўша ерда Хитойнинг «Юмшоқ куч»и кўпроқ таъсир ўтказади. Демократия устун бўлган АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларида Хитой таъсири бўлмаётганига сабаб сўз эркинлиги борлиги. Авторитар тизимларда эркин суриштирувлар, Хитойнинг мақсадларини очиқ айтишлар бўлмайди.
Ўзбекистонда Хитой ҳақида ижобий контентлар бор. Жамоатчиликда шубҳаланиш, Хитойдан чўчиш бор, лекин ОАВда ижобий контентлар кўпайиб бормоқда.
Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.