Президент видеоселектор йиғилишида сусткашликка йўл қўйганликлари учун сув хўжалиги вазири ўринбосари, транспорт вазири ўринбосари, «Сувтаъминот» раҳбари Соҳиб Саифназаров, «Темир йўл» раҳбари Ҳуснутдин Хосилов ва «Автойўл» раҳбари Абдураҳмон Абдувалиевни лавозимидан озод этди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўзи раислигида инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилишида бир қатор раҳбарларни ишдан олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Бундан тўрт йил аввал «Тошкент-Самарқанд», «Тошкент-Андижон» пуллик йўллари ва «Тахтақорача» довонида пуллик тоннел қуриш топшириқлари берилган. Лекин на лойиҳа қилиш, на инвестор жалб қилиш бўйича ҳалигача амалий ишлар бошланмаган.
Қайд этилишича, бугунги кунда темир йўлда 2,5 мингта юк вагони етишмаслиги, мавжуд вагонларнинг 3,5 мингтаси эса таъмирталаблигига қарамай, уларни кўпайтириш, йўлларни модернизация қилиш учун бор-йўғи 16 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирган.
Шунингдек, хорижий инвестициялар ўзлаштириш ҳажми ўтган йилга нисбатан «Ўзавтосаноат»да 47 фоизга, тўқимачиликда 43 фоизга, қурилиш материалларида 31 фоизга камайган.
Шу боис, инвестицияларни жалб қилиш ва уларни ўзлаштиришда сусткашликка йўл қўйганликлари учун сув хўжалиги вазири ўринбосари Бахтиёр Камалов, транспорт вазири ўринбосари Абдусамад Мўминов, «Сувтаъминот» раҳбари Соҳиб Саифназаров, «Темир йўл» раҳбари Ҳуснутдин Хосилов ва «Автойўл» раҳбари Абдураҳмон Абдувалиев лавозимидан озод этилди.
«Ўзтўқимачиликсаноати» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ раиси Баҳодир Жўраев, «Ўзсаноатқурилишбанк» раиси Сахи Аннакличевга «ҳайфсан» эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 21 октябрь куни сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев, Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси Ҳуснутдин Хосилов огоҳлантирилганди.
Маълумот учун, Абдураҳмон Абдувалиев 2017 йил март ойидан бери Автомобиль йўллари қўмитаси раиси бўлиб келаётганди.