Вазирлик халқаро Ат-Термизий университети рекламасига ишонмасликка чақирмоқда

Улашиш:

Ўзбекистонда янги хусусий олий таълим муассасаси – Ат-Термизий номидаги халқаро университет ҳақида маълумотлар фаол тарқатилмоқда. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги абитуриентларни ва уларнинг ота-оналарини ушбу маълумотларга ишонмасликка чақирмоқда, чунки ушбу хусусий таълим муассасаси зарур лицензияга эга эмас, демак унинг дипломлари ҳозир Ўзбекистон ҳудудида тан олинмайди.  

Сўнгги пайтларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг телеграмм-ботига Ат-Термизий номидаги халқаро университет томонидан берилган дипломлар тан олинадими ёки йўқми деган саволлар кела бошлаган.

Вазирликнинг таъкидлашича, ушбу таълим ташкилоти нодавлат олий таълим соҳасида хизмат кўрсатиш фаолиятини бошлаш учун рухсат олиш юзасидан мурожаат қилмаган. "Таълим тўғрисида" ги қонуннинг 29-моддасига биноан нодавлат ташкилотлар таълим фаолияти билан фақат лицензия олинган кундан бошлаб шуғулланишлари мумкин.

Вазирлик абитуриентлар ва уларнинг ота-оналаридан ўқишга кириш учун ОТМни фақат расмий edu.uz веб-сайтида кўрсатилган давлат, нодавлат ва хорижий ОТМлар рўйхатидан танлашни сўраган.

Сохта университетда ўқиш оқибатида абитуриентлар нафақат шартнома пулларини йўқотишлари, балки Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда таълимни тасдиқловчи расмий ҳужжат сифатида қабул қилинмайдиган қалбаки диплом олишлари мумкин. Ушбу диплом ҳеч қандай қонуний кучга эга бўлмаган принтерда чоп этилган қоғоз билан бир хил бўлади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.