Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги қандай шиор остида ўтказилади?

Улашиш:

Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.

Қарорда таъкидланишича, айнан 1991 йил 31 август куни халқ ўз ватани, тақдири ва келажагига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. Дунё харитасида Ўзбекистон Республикаси – янги суверен ва мустақил давлат пайдо бўлган.

Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт даражаси, шон-у шуҳратига мос ҳолда муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида:

  • Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби;
  • “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури тасдиқланди.

Республика комиссияси (А. Арипов):

  • Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали бажарилиши ҳамда Мустақиллик байрамининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда нишонланишини таъминлайди;
  • барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, “уч авлод учрашуви” тадбирлари, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари, гастрономик фестиваллар, сайиллар, маданият ва спорт тадбирларини самарали ўтказиш мақсадида атоқли илм-фан намояндалари, маданият ва санъат арбоблари, таниқли спортчилардан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил эцин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб боришини таъминлайди;
  • белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботларини ўз йиғилишларида мунтазам равишда эшитиб боради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга юқори профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, бастакор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, мақом ва бахшичилик санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилади.

Жойларда Мустақиллик байрамини юртдошларнинг талаб ва истаклари асосида, бугунги давр руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлаш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:

  • янгиланган Конституция мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон—2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;
  • сўнгги йилларда республика иқтисодиётининг барча тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни аниқ мисоллар асосида кенг ёритиш;
  • “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини очиб бериш;
  • соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ижтимоий дастурларга алоҳида эътибор қаратиш;
  • мамлакатда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш;
  • Ватан мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳарбий жанговар қудратини ошириш ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, “Халқ ва армия – бир тану бир жондир!” тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб этиш;
  • Мустақиллик байрами муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонларимиз, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “меҳр дафтари”га киритилган ҳамда эътибор ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш.

Маданият вазирлиги (О.Назарбеков):

  • Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган театрлаштирилган концерт томошасининг дастури ва сценарийсини ишлаб чиқсин ҳамда мазкур концерт томошасини юксак ғоявий-бадиий савияда тайёрлаш чораларини кўради;
  • Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан биргаликда “Она диёр ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминлайди;
  • Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этувчи энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари танловининг якуний босқичини ўтказади;
  • мазкур танловларнинг ғолиб ва совриндорларини Мустақиллик байрами арафасида эълон қилиш ва тантанали равишда тақдирлаш чораларини кўради.

Белгилаб қўйилишича, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;
  • Тошкент шаҳрида – Республика комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.
2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.