Хотин-қизлар қўмитаси вакили тегажоқлик қилган курьер устидан шикоят қилган қизни аризасини қайтариб олишга кўндирмоқчи бўлган

Улашиш:

Тошкентдаги таниқли пиццерияда ишлаётган курьер мижозга қўнғироқ қилиб, унга жинсий алоқа таклиф килгани ҳақида ёзган эдик. Қарангки, Тошкент туманларидан бирининг хотин-қизлар қўмитаси вакили қиздан аризасини қайтариб олишни ва “атиги 17 ёшга тўлган йигитни тушуниш ва кечириш”ни сўраган.  

Қизнинг айтишича, Олмазор тумани Тепагузар маҳалласи хотин-қизлар қўмитасида ишлаётган Севара исмли аёл ундан аризасини қайтариб олишини сўраган ва бу иш жабрланган қизнинг манфаатлари йўлида қилинаётганини билдирган. Севаранинг сўзларига кўра, курьернинг оиласи қизга қарши ариза тайёрлаётган экан, гўёки қиз телефондан йигитни ҳақоратлаган эмиш.

Жабрланган қиз Севарадан телефон рақамини сўраб, у билан журналистлар боғланишини айтган. Охир –оқибат рақамни берган аёл телефонини умуман кўтармайди.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқишда маҳаллаларнинг хотин-қизлар қўмитаси ваколатлари   тушунарсиз. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг бирорта ҳам моддасида тегажонлик билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда   хотин-қизлар қўмитаси бирор-бир ваколатга эга орган сифатида қайд этилмаган.

Мазкур вазият хотин-қизлар қўмитасининг    қийин ҳолатга тушиб қолган аёлларга бўлган муносабатини   яққол кўрсатиб турибди. Назаримизда, эри томонидан калтакланган аёлларнинг ариза ёзмаслигининг сабаби ҳам шундадир, яъни   Севарага ўхшаш хотин-қизлар қўмитаси вакили “аризангни қайтариб ол, биз яраштирамиз”, “уйни гапини кўчага чиқарма” дея, бечора аёлни яна муаммолар гирдобига қайтарса керак.

Умуман олганда, хотин-қизлар қўмитасининг бу ишига тасанно дейишдан ўзга чора йўқ. Ахир бизга чиройли статистика керак холос. Ҳуқуқбузар эса жазосиз қолаверсин.  

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.