Раньери: Шомуродов ўйнамаслиги керак эди!

Улашиш:

Ниҳоят, ўзбекистонлик кўплаб мухлислар кутганидек, Ўзбекистон  миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов “Кальяри”даги фаолиятини расман бошлади.

Клаудио Раньери шогирдлари Италия кубогида катта қийинчилик билан бўлса-да, “Палермо” жамоасини 2:1 ҳисобида енгиб, мусобақадан чиқариб юборди. Асосий вақтда ҳисоб очилмади ва барча голлар қўшимча таймларда киритилди.

Элдор Шомуродов 83-дақиқада майдонга туширилди ва ўйин охиригача ҳаракат қилди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Клаудио Раньери беллашув ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.

Мураккаб ўйин ҳақида

Биз жуда кучли жамоага қарши анча қийин ўйинни ўтказдик. Рақиб ўзига хос хусусиятлари бор жамоа эди. Учрашувнинг биринчи қисмида майдондаги курашларда биз устунлик қилдик, лекин рақиб дарвозасини ишғол қила олмадик. Иккинчи бўлимни “Палермо” яхши бошлади. Кейинроқ биз вазиятни ўнглаб олдик. Дуранг бўлиб турган паллада биз ғалаба тўпини киритдик.

Жамоа бирдамлиги ҳақида

Мавсумнинг дастлабки расмий учрашувини ўтказдик. Мен айрим йигитлар 120 дақиқа фаол ўйнай олишини кутмаган эдим. Буёғига уларнинг ўйини қандай ўзгариб боришини синчковлик билан кузатиб боришимизга тўғри келади. А Серияда баъзи хатоларга йўл қўйиб бўлмайди.

Николас Виола ҳақида

Виоланинг аҳволи яхши, у машғулотларда қатнашди, ҳаммаси жойида. Мен жамоани қабул қилиб олганимда унинг ҳолати кўнгилдагидек эмасди. У ўз позициясини яхши ҳис қиладиган кучли футболчи.

“Кальяри” таслим бўлмаслиги ҳақида

Жамоамиз ҳали энг яхши формасига чиққани йўқ. Лекин “Кальяри” бунақа фаол ўйнайди, деб ўйламагандим. Биз ҳали 100 фоиз тайёр эмасмиз. Бироқ футболчилар ўз вазифасини уддалади.

Янги ўйинчилар ҳақида

Мен ҳамма янги ўйинчиларнинг ҳаракатларидан мамнунман. Биз бу футболчилар чемпионат давомида янги имкониятлар тақдим қила олишига ишониб, уларни ўз сафимизга қўшиб олганмиз. Гаэтано Ористанио ва Иброҳим Сулемана юқори дивизионда ўйнаш бўйича тажрибалари етишмаслигига қарамай, бу учрашувда жуда яхши ўйнади.

Қанот ҳужумчилари ҳақида

Қанотларда ўйнаётган футболчилар ҳужумкор характеристикага ва ҳужумни кучайтириш қобилиятига эга бўлиши керак. Улар қийинчиликларни ўз зиммасига олишга, баъзан хотиржам ўйнашга тайёр туриши шарт. Нима бўлган тақдирда ҳам улар таслим бўлмаслиги керак. Чунки А Серия хато ва камчиликларни кечирмайди.

Элдор Шомуродов ҳақида

Режа бўйича Элдор Шомуродов бу учрашувда қатнашмаслиги керак эди. Лекин мен Леонардо Паволеттининг ўйиндан чиқиб қолганини кўрганимдан кейин ўзбекистонлик легионерни майдонга туширишга мажбур бўлдим.

Шомуродов ўзининг оптимал формасини ҳали 50-60 фоизга ҳам тиклаб олгани йўқ. Ана шу ҳолатда ҳам мухлисларга ўзини кўрсатиш имконига эга бўлди.

Таъкидлаш жоизки, “Кальяри” Италия кубогини муваффақият билан бошлади. Энди сардинияликлар 1/16 финалда яна бир кучли рақиб – “Удинезе”га тўқнаш келади.

“Кальяри” футболчилари А Сериядаги иштирокини 21 август куни бошлайди. Клаудио Раньери шогирдлари чемпионатнинг биринчи учрашувини Туринда “Торино” жамоасига қарши ўтказади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.