Қабул-2023: энг ёмон натижа кўрсатган мактаб битирувчилари қайси ҳудудларда?

Улашиш:

Ўзбекистонда 2023 йилда мактабни битирган абитуриентларнинг тест синовида кўрсатган натижалари жадвали эълон қилинди. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев мазкур жадвалга тушунтириш берди.

Унга кўра, жорий йилги мактаб битирувчиларининг 36 фоизи 56,7 баллдан кам тўплаган. Мактаб таълими энг яхши ҳудудлар: Бухоро, Навоий ҳамда Тошкент шаҳри бўлса, мактаб таълими энг ёмон ҳудудлар: Андижон, Тошкент вилояти ҳамда Сурхондарё.

Мандат сайтидаги очиқ маълумотларга кўра, жорий йилда жами абитуриентларнинг салкам ярми (49,4 фоиз) ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 бални ҳам тўплай олмагани айтилганди. Маълум бўлдики, 56,7 баллдан кам тўплаган абитуриентларнинг 70,5 фоизи аввалги йилларда ўқишни тугатганлар, 29,5 фоизи жорий йилги битирувчилар бўлган.

Жорий йилда мактабларни тугатган 359 минг 790 нафар ёшлар тестга кирган. Шуларнинг 36 фоизи (129 минг 609) 56,7 баллдан кам тўплаган. 2023 йилда энг ёмон кўрсаткич, Андижон вилоятида (41,9 фоиз), энг яхши кўрсаткич эса Бухоро вилоятида (27,1 фоиз) қайд этилган.

Яъни Бухорода жорий йили мактабни тугатган ўқувчиларнинг 72,9 фоизи 56,7 баллдан кўпроқ натижа кўрсатган. Мактаб битирувчиларининг ўртача бали 76,1 бални ташкил қилмоқда. Ушбу натижалар ҳудудлар кесимида таълим сифати қаерда яхшилигини ҳам кўрсатади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.