ХТВ ва ДТМ абитуриентлар тўплаган балларни аввалги йиллар билан солиштириб чиқди. Сўнгги 2 йилда ўтиш балини тўплай олмаган мактаб битирувчилари салмоғи пасайган, дейилади ХТВ маълумотида. Ўтиш балини тўплай олмаган абитуриентларнинг ҳар 5 тадан бири (108 минг) мактабни жорий йилда битирган.
2022 йилда ОТМга кириш учун тест топширган жами абитуриентларнинг ярмидан кўпи ўтиш балини тўплай олмагани маълум бўлгач, Халқ таълими вазирлиги ва Давлат тест маркази битирувчиларнинг натижаларини қиёсий таҳлил қилди. Бу ҳақда ХТВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев ўзининг Telegram саҳифасида хабар берди.
Ўртача балл ҳақида
2022 йилда жами абитуриентларнинг ўртача бали 65 ни, айнан жорий йилда мактабни битирганларнинг кўрсаткичи эса 76 баллни ташкил этди:
- 2020 йилда мактаб битирувчилари ўртача 70 балл
- 2021 йилда эса 74 баллни тўплай олган.
Яъни, 2 йил ичида мактаб битирувчиларининг ўртача натижалари 9 фоизга ёки 6 баллга юқорилаган, дея изоҳламоқда вазирлик вакили.
Юқори натижа кўрсатган абитуриентлар (142 баллдан ортиқ)
Жорий йилда 32 минг нафар юқори натижа қайд этган абитуриентнинг 65 фоизи (салкам 20 минг нафар) айнан 2022 йилда мактабни битирган.
2021 йилда юқори натижа кўрсатган 29 минг нафар абитуриентларнинг 53 фоизи (салкам 15 минг нафари) мактабни тест ўтказилган йилда битирган.
«Умуман олганда эса, 142 баллдан ортиқ тўплай олган мактаб битирувчиларининг салмоғи ҳам сони йилдан-йилга ошмоқда — 2021 йилда 5 фоиз, 2022 йилда эса 7 фоиз», — дейилади хабарда.
Ўтиш балидан (56 балл) паст натижа кўрсатган абитуриентлар
Ўтиш балини тўплай олмаган 514 624 нафар абитуриент ичида 108 минг нафари, яъни ҳар беш нафардан бири бу йил мактабни тамомлаган.
Вазилик таҳлилига кўра, охирги 2 йилда ўтиш балини тўплай олмаган мактаб битирувчилари салмоғи пасайган. 2020 йилда жами мактаб битирувчисининг 43 фоизи ўтиш балидан паст натижа қайд этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 35 фоизни ташкил этди.
Ўз ўрнида вазирнинг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев мактаб таълими сифатини ошириш бўйича амалга оширилиши керак бўлган ишларнинг кўлами кенг эканлигини ҳам тан олди.
Унга кўра, ҳозирда мактаб таълимига янги замонавий методикаларни олиб кириш, педагогларнинг билимини ошириш бўйича тизимли ишлар бошланган. У мактаб таълими сифатини оширишда барчани, жамоатчилик вакиллари, педагоглар ва айниқса ота-оналарни фаол бўлишга чақирди.