Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида божсиз савдо зонаси ташкил этиш режалаштирилган

Улашиш:

Қозоғистоннинг Мангистау вилояти ҳокими Нурдаулет Килибай чегара яқинида божсиз савдо зонасини яратиб, Ўзбекистон минтақалари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилган.  

Янги зона Хитой-Қозоғистоннинг “Хоргос” мажмуаси тажрибаси асосида      фаолият юритиши мумкин. Савдо-иқтисодий зонанинг очилиши нафақат Мангистау вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини тўрт баравар оширишга, балки мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқаларини ҳам сезиларли даражада юксалтиришга имкон беради.

Ҳоким 22 октябр куни Самарқандда бўлиб ўтган Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг минтақалараро форумида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича ушбу ва бошқа таклифларни билдирган.

Нурдаулет Килибайнинг сўзларига кўра, Мангистау минтақасидаги улгуржи бозорларда озиқ-овқат, сабзавот, мева ва қуритилган меваларнинг аксарияти Бухоро, Самарқанд, Нукус ва Сирдарё далаларидан келади. Қорақалпоғистон билан чегарадош "Тажен" божхона пости орқали ҳар куни 250-300 га яқин юк машиналари ўтади. Улардан 10% юк машиналари ушбу ҳудудга 11 минг тонна товар олиб ўтказади.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, Қозоғистоннинг энг йирик улгуржи тарқатиш марказларидан бири зарур ҳудудларни тақдим этишга тайёр ва Ўзбекистон тадбиркорлари томонидан аниқ қадамлар қўйилишини кутишмоқда. Ушбу ҳудудда "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" савдо майдонини очиш ва қишлоқ хўжалиги ярмаркаларини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.