Германия ҳукумати мамлакат паспортини 5 йилда олишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Шунингдек, фуқаролик тил билиш, волонтёрлик ишларидаги фаоллик ва профессионал сифатлар каби омилларга қараб 3 йилда ҳам берилиши мумкин. Бошқа фуқароликлардан воз кечиш талаб этилмайди.
Германия ҳукумати 23 август мамлакатда яшовчи хорижликлар келажакда осонроқ ва тезроқ фуқаролик олишини таъминлайдиган қонунни маъқуллади, дея хабар бермоқда Deutsche Welle. Мазкур қонунни Бундестаг ҳам маъқулланиши керак бўлади.
Ҳужжатга кўра, Германия паспортини Германияда 5 йил яшаган ҳолда (ҳозирги 8 йил ўрнига) олиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, фуқаролик «махсус интеграция ютуқлари»ни намойиш этган инсонларга 3 йилда ҳам берилиши назарда тутилган (ҳозир 6 йил). «Махсус интеграция ютуқлари» деганда немис тилини яхши билиш, волонтёрлик ишларида фаол иштирок этиш ёки юқори профессионал сифатларга эга бўлиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, фуқароликка даъвогарлар бошқа паспортларидан воз кечиши талаб этилмайди. Илгари Германия фуқаролигини олишда бошқа фуқароликни сақлаб қолишга фақат истисно ҳолларда рухсат берилган ва бу кўпинча қизғин ички сиёсий тортишувлар мавзусига айланган.
Шунингдек, ирқчилик ёки антисемитизм билан боғлиқ жиноятларни содир этганлар Германия фуқаролигини ололмайди. Қонунда, шунингдек, Германия фуқаролигига даъвогарлар ўзлари ва оила аъзоларини мустақил равишда таъминлаши ва давлат ижтимоий нафақаларига муҳтож бўлмаслиги керак экани белгилаб қўйилган.
Ислоҳотлар орқали федерал ҳукумат, биринчи навбатда, Германияни малакали ишчилар учун янада жозибадор қилишни хоҳлаяпти.