Ўзбекистон хорижликларга фуқароликни сотмоқчи. Масала 1 миллион долларга ҳал бўлади

Улашиш:

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат иқтисодиётига қўшган ҳиссаси учун чет элликларга фуқаролик берилишини ташкил этмоқчи. Бунинг учун камида 1 миллион доллар миқдорида сармоя киритиш керак бўлади. 

Ушбу чора-тадбирлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, мамлакатимизда турли инвестиция лойиҳаларига камида 1 миллион доллар инвестиция киритган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролигини беришни соддалаштирилган тартибини жорий этиш режалаштирилган. Ҳужжатда ушбу лойиҳалар нима эканлиги ва улар қандай параметрларга эга бўлиши кераклиги кўрсатилмаган.

Фуқароликни олиш учун нафақат инвесторлар, балки таниқли олимлар, спортчилар, маданият ва санъат намояндалари ҳам мурожаат қилишлари мумкин. Кўринишидан, улар учун соддалаштирилган фуқароликнинг алоҳида мезонлари ишлаб чиқилади.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ушбу ҳужжат мамлакатда иккита паспортга эга бўлиш амалиётини расмий тан олиш йўлидаги илк қадамми ёки чет элликлар ҳали ҳам аввалги фуқаролигидан воз кечишлари кераклиги аниқ эмас.

Қонун лойиҳаси муаллифлари аминки, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши туфайли Ўзбекистонга хорижий инвестициялар оқими сезиларли даражада ошади. Бундан ташқари, у халқаро бизнес ҳамжамиятининг эътиборини республиканинг инвестиция муҳитидаги ижобий ўзгаришларга жалб қилади ва мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини оширади.

Таъкидлаш жоизки, фуқароликни сотиш амалиёти дунёда кенг тарқалган. Дунёда инвестиция учун фуқаролик таклиф қилиш 1984 йилдан бери кузатилмоқда. Ушбу соҳадаги биринчи мамлакат Сент-Китс ва Невис бўлган. Бу давлат ҳали ҳам буни давом этмоқда ва жуда муваффақиятли натижаларга эришган. 2022 йилда пул учун иккинчи паспортни таклиф қиладиган юрисдикцияларнинг умумий сони йигирмага етган. Энг машҳурлари орасида Туркия, Черногория, Кипр ва Мальтани кўрсатиб ўиш мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.