УАЗ Тошкент вилоятида автомобиллар йиғишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда

Улашиш:

Ульяновск автомобил заводи (УАЗ) Тошкент вилоятидаги Чирчиқ технопарки ҳудудида тижорат автомобиллари йиғилишини йўлга қўймоқчи.

Ўтган ҳафта технопарк ва Россия автомобиль ишлаб чиқарувчиси вакиллари бу ҳақда музокаралар олиб боришган. Учрашув давомида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган, УАЗ вакиллари "Чирчиқ" майдончасида ўз автомобилларини йиғишни бошлаш ниятини билдиришган. Ўз навбатида, технопарк вакиллари россиялик меҳмонларга резидент мақомини олган инвесторлар учун имкониятлар ҳақида гапириб беришган.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда "Чирчиқ" технопарки 29 гектар майдонда жойлашган ривожланган муҳандислик инфратузилмасига эга. У Ўзбекистон ҳудудида хорижий ва маҳаллий компаниялар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга мўлжалланган.

Айни пайтда УАЗ “маршрутка” ва юк машиналари ҳамда йўлтанламасларни ишлаб чиқармоқда. Барча автомобиллар 2.7 литрли двигателлар билан жиҳозланган. Қуввати эса 112 л.с.дан 150 л.с.гачани ташкил қилади. Келгусида бренднинг барча моделлари қуввати 130 л.с. бўлган янги JАC дизелли двигателларга эга бўлади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.