Икки нафар фарзандини таъминламаган ота 15 суткага қамалди

Улашиш:

Икки нафар фарзандини таъминламаган ота 15 суткага қамалди Ҳаётда турли сабабларга кўра, оиланинг бузилиши натижасида алоҳида яшайдиган ота ёки онанинг бола таъминотида иштироки ўта долзарб муаммога айланади.

Шунинг учун амалдаги Оила кодексининг 96-моддасида ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт экани қатъий белгилаб қўйилган.

Бу ҳаётда фарзанд тарбияси, унинг таъминоти ҳар бир ота-она зиммасидаги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифа саналади. Бироқ ҳаётда ана шундай масъулиятли вазифани ўз ихтиёри билан бажаришдан бош тортадиган ота-оналар ҳам учраб туради. Албатта, бундай вазиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кўрилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 31.03.2022 йилдаги қарорига асосан қарздор Б.Б.дан ундирувчи Д.Б. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва даромадининг 1/3-қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлиб, ижро ҳаракатлари давомида бир неча маротаба огохлантирилишига қарамасдан бўйин товлаб келган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Ш.Рашидов туман бўлими томонидан МЖтКнинг 474-моддаси билан қарздорга нисбатан маъмурий чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Ш.Рашидов туман судига ижро ҳужжатлардан тўпланган маълумотлар юборилди. Натижада қарздор алиментдан бўлган 17.252.000 сўм қарзи сабаб 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилди.

Алимент пулларини ўз вақтида тўлаб борилганида, қарздорни судгача олиб борилмаган бўлар эди.

 

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.