UzAuto Motors 13 ой ичида тўртинчи марта нархни оширмоқчи

Улашиш:

Агар нархлар ижтимоий тармоқларда ёзилаётгани ва расман рад этилмаётгани каби 30 фоизга ошса, UzAuto Motors автомобиллари охирги 13 ойда 1,5 баробарга қимматлашган бўлади. Компания Spark ва Nexia каби бюджет моделларни сотувдан олиб ташлагани, айни шу тоифадаги автомобиллар учун божлар ставкаси энг юқори эканидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ўзбекистонликлар автомонополия исканжасидан тобора кўпроқ жабр кўра бошлайди.

UzAuto Motors декабр ойи бошида бюджет моделлар – Damas, Labo, Cobalt ва Gentra учун шартнома тузмай қўйган эди. Январ ойи бошига келиб, олдиндан пули тўланган автомобилларни топширишни ҳам тўхтатди.
Дастлаб, машиналарни эгаларига топширишдаги тўхталиш 4-5 кун давом этиши ваъда қилинган бўлса-да, кейинроқ бу муддат номаълум муддатга узайтирилди.

Охирги бир неча йилларда шаклланган анъанага кўра, UzAuto Motors ҳар сафар автомобиллар нархини оширишдан олдин турли сабаблар билан сотувни тўхтатиб қўяди.

Бу сафар ҳам сотув қайта очилиши чўзилиб кетгач, ижтимой тармоқларда компания яна нархларни оширмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин бу сафар нархлар бирйўла 30 фоизга ошиши ҳақида гаплар юрибди. UzAuto бу маълумотларни рад этиб чиқаётгани йўқ.

Нархлар ошиши кутилаётганини Kun.uz манбаси ҳам тасдиқлади, аммо қанчагача ошиши мумкинлигига аниқлик киритмади.

2023 йилдан бошлаб UzAuto Motors имтиёзлардан маҳрум қилиниб, божхона тўловларини тўлай бошлаши тахмин қилинмоқда. Аммо бу мамлакатдаги автомобил монополияси бекор бўлишини англатмайди, шунчаки танловсиз ўзбекистонликлар учун машина нархи янада қимматроқ бўлади холос.

Маҳсулот қийматини пасайтириш учун харажатларни камайтириш, янги технологиялар киритиш ва бошқа чоралар кўриш ўрнига ҳар гал нарх оширилади, яъни заводнинг муаммолари истеъмолчилар ҳисобидан ҳал этилади.

3 фоизлик йиғим ва ҚҚСнинг 3 фоизга пасайиши “ютиб юборилди”

Ёдингизда бўлса, Ўзбекистонда янги автомобил сотиб олган фуқаролар автомобилни рўйхатдан ўтказишда бюджетга 3 фоизлик йиғим тўлар эди. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бу йиғимни ишлаб чиқарувчилар тўлайдиган бўлди. Турган гапки, ўша санадан эътиборан UzAuto Motors йиғимни машиналар нархи устига миндириб, нархни 3 фоизга оширди. Лекин 2022 йил 1 январдан бошлаб бу йиғим бекор қилинганида машиналар нархи 3 фоизга арзонлашгани йўқ, яъни компания энди бу пулни ўз чўнтагига олиб қола бошлади (01.10.2019 дан 01.01.2022 гача бўлган муддатда компания бу йиғимларни бюджетга тўлаган-тўламагани ҳам номаълум).

3 фоизни “еб юбориш” 2023 йилда яна такрорланди. Бу сафар ҚҚС билан. Қўшилган қиймат солиғи 1 январдан эътиборан 15 фоиздан 12 фоизга пасайди, лекин компания яна нархни туширгани йўқ. Ваҳоланки, UzAuto Motors янги Onix модели нархларини эълон қилганида, нархларни ҚҚСсиз кўрсатган эди. Харидорлар қанча тўлаши кераклигини ўша кўрсатилган нархни 15 фоизга кўпайтириб ўзлари ҳисоблаб олишига тўғри келганди.

Бу орада, 2022 йилнинг март ойидан бошлаб, Nexia, Spark, Damas ва Cobalt автомобиллари нархи 10 фоизга, Gentra нархи эса 12 фоизга қимматлашди.

Юқоридаги учта нарх оширишни қўшиб ҳисоблаганда, 2022 йилнинг 1 январидан бугунги кунгача UzAuto Motors автомашиналари камида 16-18 фоиз атрофида қимматлашган.

Таққослаш учун, худди шу вақт мобайнида мамлакатдаги базавий инфляция 12,3 фоизни ташкил этган. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи эса 12 фоизга оширилган.

Қўшимча қилиш керакки, солиқ ставкаси пасайгани билан UzAuto автолари арзонлашмагани биринчи марта эмас. 2018 йил январида бу компания маҳсулотлари учун акциз солиғи 5,5 баробарга (!) туширилган бўлса ҳам (27 фоиздан 5 фоизга), компания нархларни 1 сўмга ҳам арзонлаштирмаган эди.

UzAuto бож тўлашни бошласа ҳам, импортга тўсиқлар ўша-ўша қолади

“Маҳаллий автогигант” (компания расмий баёнотларида ўзини шундай атайди) автомобил импортига ўрнатилган тўсиқлар билан ҳимоя қилиниб келинади. Одамлар бошқа, арзонроқ ва сифатлироқ танловлардан сунъий равишда маҳрум қилинган. Ташқаридан автомобиль олиб кириш учун эса олиб кирилаётган машина нархининг тенг ярмига яқин бож тўлови жорий қилинган. Лекин импортга тўсиқлар фақат божлардан иборат эмас: сертификатлаш ва бошқа ғовлар ҳам бисёр.

Ўзбекистондаги автомобилсозлик саноатининг монополистик ҳолати юқори даражада. Умуман олганда, монополия соҳани қутқармайди, аксинча, секин ва оҳиста шаклда ўлдириб боради. Чунки бутун бир жамиятни танлашдан маҳрум қилиб, монопол ҳукмронлик қилаётган соҳа ривожланиши, глобал миқёсда рақобатбардош бўлиши мумкин эмас. Бозор иқтисодиётининг энг асосий қонунияти бу – рақобатнинг ривожланишидир. Рақобат бўлмаган тизимдан биринчи навбатда қуйи ва ўрта қатламга жабр бўлади.

Ўзбекистон ва Қозоғистондаги нархлар таққосланди. Бу мавжуд реалликни ўзида акс эттирадими?

Ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors Қозоғистон ва Ўзбекистондаги Chevrolet автомобиллари ҳамда уларнинг баҳосини бир нечта мисоллар орқали таққослаб, ички бозорда нархлар гўёки сезиларли арзон деган хулоса берувчи маълумотларни тарқатди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, Ўзбекистондаги Cobalt'нинг амалдаги модификацияси ва Қозоғистондаги Cobalt модификациялари ўртасида сезиларли фарқлар бор. Шунингдек, Қозоғистондаги харидорлар пули олдиндан тўланган автомашина учун йиллаб навбатда туришмайди. Бундан ташқари, UzAuto Motors Қозоғистонга экспорт қиладиган ҳар битта Соbalt'дан ҚҚС ва утилизация йиғими ҳисобига камида 4 минг доллар чегириб ҳам қолади.

«Биринчидан, Қозоғистонда Chevrolet-auto.kz расмий сайтида кўрсатилган нархлар бу – максимал нархлар. Янги йилдан бошлаб айнан шу усул қўлланмоқда, балки буни нарх оширишга тайёргарлик кўраётган UzAuto Motors илтимос қилганми, бир нарса дейиш қийин. Нима бўлганда ҳам, аниқ-тиниқ қилиб, кўрсатилган нархлар максимал нархлар экани ва ўзгартирилиши қайд этилган. Қозоғистондаги дўстлар салонга бориб, танланган авто ранги, тўлов шакли ва модификациясига қараб нархлар савдолашиб, 7-10 фоизгача туширилиши мумкинлигини айтишмоқда. Ҳар эҳтимолга қарши Ўзбекистондаги Cobalt амалдаги модификациясини (магнитофони-ю, деталларигача) Қозоғистондаги Cobalt модификацияларига яна бир бор солиштиринг.

Иккинчидан, Қозоғистондаги нархлар бу жисмонан бор, салонга пул тўлаб, миниб чиқиб кетилиши мумкин бўлган автолар учун. Ўзбекистондаги Соbalt нархи эса контрактацияси йўқ, бир амаллаб, контрактация қилганда ҳам, бир йил кутиладиган автомобиль нархи. Ва энг асосийси, қозоқ харидорида танлов бор, истаса механика, истаса автомат ва танлаган модификациядаги автони олади. Ва энг асосийси, унда Chevrolet’дан ташқари танловлар ҳам бисёр.

Учинчидан, Қозоғистонга экспорт қилинган автолар бўйича UzAuto Motors ҚҚС суммасини бюджетдан қайтариб олади. 2022 йилда ҳар бир экспорт қилинган Соbaltʼдан 1700 долларгача ҚҚС қайтариб олинган.

Тўртинчидан, Қозоғистонга экспорт қилинган автолар бўйича утилизация йиғими Ўзбекистон бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. 2022 йилда Соbalt тоифасидаги автомобиллар учун утилизация йиғими 1 млн 72 минг 50 тенгени ташкил этган. Ҳозирги курс бўйича бу камида 2300 доллар», дея таъкидлади иқтисодчи.

Унинг тушунтиришича, ҚҚС ва утилизация йиғимининг ўзидан UzAuto Motors камида 4000 доллар чегириб олади.

«Бешинчидан, бу майдароқ кўриниши мумкин, лекин айни шу кунларда доллар курси охирги ойлардаги Қозоғистонда энг арзонлаган, Ўзбекистонда эса энг қимматлаган пайт. Яъни масалан, солиштириш январда эмас, ноябрь ёки декабрда бўлганида яна камида 300 долларгача фарқлик кўринган бўларди
», дея таъкидлаган Отабек Бакиров.

Бакировнинг эслатиб ўтишича, жон бошига ЯИМ ва даромадлар Қозоғистонда Ўзбекистондагидан камида 5 карра юқори.

Экспорт қилинаётган автомобиллар харажатларини ҳам ўзбекистонликлар тўлаб беряпти

UzAuto Motors автомобилларни экспорт қиладиган мамлакатларда утилизация йиғими тўлайди, компаниянинг бу харажати давлат бюджетидан компенсация қилиб берилади. Бу борадаги субсидия миқдори 2022 йилда 100 миллиард сўмгача бўлиши белгиланган эди. Лекин йил якунида 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, UzAuto Motors'га – 137,5 млрд сўм қўшимча маблағлар ажратилди.

Очиқ ва ёпиқ имтиёзларидан ташқари, компания тўғридан тўғри мажбурияти бўлган утилизация йиғимини тўлаётгани ё тўламаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд эмас. Компаниянинг амалга ошираётган экспорти ҳажми ҳам импортидан кескин фарқ қилади, яъни UzAuto Motors валюта масаласида ҳам ўз эҳтиёжларини қондира олмаётганини тахмин қилиш мумкин.

Кучайиб бораётган танловсизлик

UzAuto Motors 2022 йилнинг охиридан Nexia-3 ва Spark ишлаб чиқаришни тўхтатди, жорий йилнинг охиридан эса Lacetti-Gentra ҳам конвейердан олиб ташланиши режалаштирилмоқда. Шу тариқа, Cobalt UzAuto'нинг энг арзон седанига айланади.

Тақдим қилган маълумотларга кўра, яқин йиллар ичида Nexia-3 ва Spark ўрнига бошқа бюджет моделлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмайди.

Яъни UzAuto Моtors кичик литражли ва тежамкор автомобиллар ишлаб чиқармайди.

Айни вақтда айнан энг тежамкор ҳисобланган кичик литражли автомобиллар учун божлар энг баланд тарзда ўрнатилган.

Кутилаётган тенденция Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги учун автомобил танлаш имкониятини тубдан чеклайди. Ишлаб чиқариш хажмларининг ўсмаслиги ва чекланган танлов шароитида қондирилмаган талаб фақат ўсиб боради.

Автомобиллар таннархининг ошиши катта эҳтимол билан импорт қилинаётган бутловчи қисмлар нархи қимматлашгани билан боғланиши мумкин. Бу ҳолат ҳалигача маҳаллийлаштириш бўйича корхона олдига қўйилган вазифалар етарли даражада бажарилмаганини ёки фақат қоғозда бажарилганини кўрсатади.

Автомобилларни “йиғиш” ва расман “ишлаб чиқариш” ўртасида катта фарқ бор. Унутмаслик керакки, машиналар деталларининг жуда катта қисми ҳалигача импорт қилинади.

Kun.uz “Ўзавтосаноат” ахборот хизматига: “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларга керак бўладиган эҳтиёт қисмларнинг неча фоизи маҳаллийлаштирилган?” деган савол билан бир неча маротаба мурожаат қилди, аммо бу борада ҳеч қандай маълумот тақдим қилингани йўқ.

Маҳаллийлаштиришдан кўзланган асосий мақсад ҳам ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини ва хорижий валютага боғлиқликни камайтириш ҳисобланади.

Ваҳоланки, UzAuto Motors мисолида бунинг мутлақо тескариси кузатилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.