Алиментни тўлаш учун жавобгар бўлиш шартмиди?

Улашиш:

Маълумки, юртимизда болаларнинг барча ҳуқуқлари қатори моддий таъминот олиш ҳуқуқи ҳам қонун билан кафолатланган. Хусусан, янги тахрирдаги Конституциямизнинг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Аммо ҳаётда турли сабабларга кўра, оиланинг бузилиши натижасида алоҳида яшайдиган ота ёки онанинг бола таъминотида иштироки ўта долзарб муаммога айланади.

Шунинг учун амалдаги Оила кодексининг 96-моддасида ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт экани қатъий белгилаб қўйилган.

Бу ҳаётда фарзанд тарбияси, унинг таъминоти ҳар бир ота-она зиммасидаги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифа саналади. Бироқ ҳаётда ана шундай масъулиятли вазифани ўз ихтиёри билан бажаришдан бош тортадиган ота-оналар ҳам учраб туради. Албатта, бундай вазиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кўрилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 25.11.2021 йилдаги қарорига асосан қарздор З.Х.дан ундирувчи Ш.Х. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва даромадининг 1/3 қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлиб, ижро ҳаракатлари давомида бир неча маротаба огохлантирилишига қарамасдан бўйин товлаб келган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Жиззах шаҳар бўлими томонидан МЖтКнинг 474-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган. Натижада жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 04.08.2023 йилдаги қарорига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилди. 

Шундан сўнг, қарздор З.Х.нинг оила аъзолари томонидан мавжуд 22,8 млн. сўм алимент қарзини тўлиқ тўлаб берилди. 

Агар ушбу пуллар ўз вақтида тўланганида қарздор жавобгар бўлмаган бўлар эди.

 

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.