Автомобиль рақамларини яширадиган наноплёнка – қабристонга йўл. Нима учун мамлакатда камераларни алдаш воситаси эркин сотилмоқда

Улашиш:

Камералардан автомобиль рақамларини ёпувчи наноплёнка бизгача етиб келди. Россия Федерациясида узоқ вақтдан бери ушбу "янгилик"билан курашилмоқда. Ушбу плёнка автомобиль рақамига ёпиштирилади, у одамларга кўринади, аммо камера уни қайд этмайди. Бугунги кунда интернетда, шу жумладан расмий сайтларда, бундай плёнкани сотиб олиш бўйича кўплаб таклифлар мавжуд ва сотувчилар бу жарималарни тежашга имкон бериши ҳақида очиқчасига ёзишмоқда. Шу билан бирга, расмийлар негадир бу муаммони эътиборсиз қолдирмоқдалар.  

Айни пайтда плёнкани olx онлайн платформасида сотиб олиш мумкин, яқин вақтгача у Uzum Marketда ҳам сотилган. Бундан ташқари, маҳсулот саҳифаси бўш қолган, шунчаки "ҳозир у мавжуд эмас", деб ёзилмоқда. Шунга ўхшаш саҳифалар Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам мавжуд. Қолаверса, бундай плёнкани автомобиль дўконларида ҳам эркин сотиб олиш мумкин.

photo_2023-09-20_14-33-59 (2).jpg

photo_2023-09-20_14-35-51 (2).jpg

Энг қизиғи шундаки, халқимиз аслида нима бўлаётганини яхши тушунмайди – қўлга тушмаслик ва қоидабузарликни содир этиш жасорат деб ҳисобланади.

Йўлларда тартибсизлик ҳукм сурмоқда, видеокамералар қонунбузарликларнинг озгина қисмини қайд этмоқда холос, кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари, шу жумладан авария қурбонлари кўпайиб бормоқда. Бунинг олдини олишнинг ягона йўли - қатъий назорат ўрнатиш ва жазонинг муқаррарлиги таъминлашдир.   Назоратга қарши бўлганлар эса бу билан мақтанади,   уларнинг яқинлари ҳам йўл ҳаракати қоидабузарликлари туфайли зарар кўриши мумкинлигини унутишади. Хуллас, рақамларни яшириш аҳмоқлиқ ва калтабинлик ҳисобланади.

Қонунчилигимизда наноплёнкадан фойдаланиш учун алоҳида модда йўқ, чунки рақам куннинг исталган вақтида ўқилади. Аммо, агар инспектор рақамда    камералардан ҳимоя борлигини аниқласа, ҳуқуқбузар "сохта ёки бошқа йўл билан ўзгартирилган давлат рақами бўлган транспорт воситаларини бошқариш" учун жавобгарликка тортилади.

Шу билан бирга, ҳимоя плёнкасидан фойдаланганлик ва фақат сиз учун қулай бўлган тезлик режимида юрганингиз учун энг катта жазо БҲМнинг 10 баравари ёки 3,3 миллион сўм миқдоридаги жарима бўлиши мумкин. Аммо бундай пленкани ёпиштириб қўйган ҳайдовчи потенциал қотил ҳисобланиб, у бундай плёнкани қасддан қоидани бузиш учун сотиб олади. Эҳтимол, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ушбу муаммо билан жиддий шуғулланишлари керакдир, зеро, плёнкалар маҳаллий ҳайдовчилар орасида оммабоп бўлишга улгурган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.