Тошкент вилоятида 13 ёшли қизни зўрлаган собиқ участка инспектори ҳибсга олинган. У 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин

Улашиш:

Май ойи охирида Тошкент вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасининг собиқ ходими 13 ёшли қизчани ва унинг дугонасини алдаб, машинага ўтиришга мажбур қилган, уларни дала ҳовлисига олиб бориб, зўрлаган. Жабрланувчининг онаси ички ишлар бўлимига мурожаат қилган, туман прокуратураси ишни назоратга олган. Эркак ишдан бўшатилган ва суд жараёнини кутмоқда, у узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу ҳақда зўравонликка қарши Nemolchi.uz. лойиҳаси хабар бермоқда.

13 ёшли қиз дугонаси билан кўчада кетаётган бўлган, қўшни эркак машинага ўтиришни ва сайр қилишни таклиф қилган. Қиз қўшнисини яхши таниган ва ҳеч қандай ёмон нарса ҳақида ўйламаган. Эркак қизларни ижарага олинган дала ҳовлига олиб кетиб, у ерда зўрлаган.⠀

Шундан сўнг қизларни машинада маҳаллага олиб келган, у ерда бувиси набирасини қидираётган эди. Қиз ўзини ёпиқ тута бошлаган, бир ҳафта давомида қариндошлари унга нима бўлганини билишга ҳаракат қилишган ва ҳақиқат очилганда, жабрланувчининг онаси дарҳол ички ишлар бўлимига ариза ёзган. Экспертиза фақат бир ҳафта ўтгач тайинланган, натижалар эса узоқ вақт давомида ошкор қилинмаган.

Қиз дастлаб зўравонликни тан олган, лекин айнан ким айбдор эканлигини айтмаган ва Ички ишлар вазирлиги гумонланувчининг шахсини аниқлаганидан сўнггина, уни кўрсата олган. Бу Яшнобод туманидаги Музаффар исмли участка инспектори бўлиб чиққан, у дарҳол ишдан бўшатилган. Бундан ташқари, қизларни олиб кетаётганини кўрган гувоҳлар ва дала ҳовлисининг эгаси гувоҳлик беришган.

"Қизим уни ҳамма олдида таниди, у эса устимиздан кулиб турди", - деди қизнинг онаси. Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи ва унинг қариндошлари ҳаттоки ички ишлар ва прокуратура ходимлари ёнида ҳам бир неча бор таҳдид қилишган. Аёл таҳдидлар тўғрисида шикоят ёзган, аммо ҳозирча бу аризалар бўйича ҳеч қандай чоралар кўрилмаган. ⠀

Онани нафақат таҳдидлар, балки боласининг руҳий ҳолати ҳам безовта қилмоқда, содир бўлган воқеа қизнинг қалбида чуқур из қолдирган.

Энди маълум бўлишича, эркакка қарши 14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлагани учун иш қўзғатилган, у 15 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Ҳозир у лавозимидан бўшатилган ва судгача камоққа олинган. ⠀

"Немолчи" лойиҳаси журналистлари бундай даҳшатли жиноят жазосиз қолмаслиги ва иш охиригача етказилиши, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари қиз ва унинг оиласига қарши таҳдидларнинг олди олинишига умид қилишади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.