Маданият вазири 10 нафар санъаткор ҳақида маълумот берувчи портал яратишга салкам ярим млрд сўм сарфламоқда

Улашиш:

Маданият вазири Озодбек Назарбеков 10 нафар санъаткор ҳақида маълумот берувчи портални яратиш ва амалиётга татбиқ этиш учун салкам ярим миллиард сўм маблағ сарфламоқда. Бу ҳақда вазир 2023 йилнинг 15 сентябр куни буйруқ чиқарган.

Таъкидланишича, мазкур порталда давлат мукофотлари билан тақдирланган маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳақида маълумотлар жамланади.

Вазир буйруғига кўра, лойиҳа паспорти ва концепциясини ишлаб чиқишга 30 миллион сўм сарфланса, лойиҳа техник топшириғини ишлаб чиқиш учун 40 миллион сўм ажратилган. Вазирлик порталнинг ахборот тизими дастурий қисмини ишлаб чиқиш учун 30 кун вақт бериб, бу меҳнат учун 165 миллион сўм маблағ атаган.

Шунингдек яна бир катта харажатлардан бири 85 миллион сўм бўлиб, эвазига ахборот тизими архитектурасини ишлаб чиқиш масъулияти юклатилади. Ахборот тизимини бошқа тизимлар билан интеграция қилишга 60 миллион сўм берилади.

Вазирликнинг узил-кесил тан олишича хизмат кўрсатишнинг умумий қиймати ҚҚСни ҳисобга олмаганда 488 миллион сўмни ташкил қилмоқда. 

Озодбек Назарбеков раҳбарлигидаги Маданият вазирлиги бюджет пулларидан катта харажатлар қилишга ўрганиб қолган. Аввалроқ вазирлик томонидан 15 миллиард 514 миллион 900 минг сўмга 2 та махсус автомобиль харид қилингани жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлгани хабар берилганди. Вазирлик бунга изоҳ берар экан, мазкур харид президент қароридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган деганди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.