Миллий университет проректори "ҳақоратларга дош беролмади". У талабанинг онаси билан бўлган жанжал туфайли вақтинча лавозимидан четлаштирилган

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон миллий университети проректори ва қизи учун иш ҳамда ётоқхонадан жой сўрашга келган талабанинг онаси ўртасидаги жанжал акс этган видео пайдо бўлган. Бир-бирининг далилларини тинглашни истамаган рақиблар ўртасида низо келиб чиққан, бу ўзаро ҳақорат билан жанжалга айланган. Проректор вақтинча лавозимидан четлаштирилган.  

Сентябрь ойи бошида Геология факультетининг кечки бўлимига ўқишга кирган биринчи курс талабасининг онаси Ўзбекистон миллий университетининг ёшлар ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Жаббор Муҳаммадиевнинг қабулига бориб, қизига талабалар ётоқхонасида жой беришни ва уни ишга жойлаштиришни талаб қилган.

Проректор   кечки таълим шаклларида таҳсил олаётган талабалар учун ётоқхоналарда мавжуд эмаслиги, улар "кундузги" талабалар учун мўлжалланганини айтган. У қизни мактабга ишга жойлаштириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилган, аммо онаси қизини университетда иш билан таъминлашни талаб қилаверган.

"Талаблари тўлиқ қондирилмаган аёл таклифга рози бўлмаган ва университетдан фарзандининг муаммоларини ҳал қилишни талаб қилган. У кетаётганда университет раҳбариятини ва проректорни сўккан, проректор эса ҳақоратларга дош беролмаган ва қўпол сўзларни ишлатган”- дея таъкидлашмоқда университет расмийлари.

Ушбу жанжал видеода қайд этилган ва матбуот хизматининг маълумотларига кўра, тармоқда фақат проректорнинг аёлга нисбатан ишлатган ножўя сўзлари тарқалган. Ушбу вазиятга проректор котибаси, университет хотин-қизлар қўмитаси раиси ва қабулни кутаётган фуқаролар ҳам гувоҳ бўлишган.

"Ушбу ҳодиса адолатли қарор қабул қилиш учун ўрганилмоқда. Вазиятни ҳуқуқий баҳолашдан олдин ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Жаббор Муҳаммадиев ўз вазифасидан вақтинча четлатилган. Суриштирувлар тугагандан сўнг, унга нисбатан ташкилий, интизомий ёки маъмурий чоралар кўрилади", - деди университет матбуот хизмати.

Шунингдек, университет вакиллари вазиятдан хавотирда эканликларини билдириб, келажакда бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун тегишли чоралар кўрилишини айтишган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.