Ўзбекистон Фаластин-Исроил можаросидан жиддий хавотирда — ТИВ

Ўзбекистон Фаластин-Исроил можаросидан жиддий хавотирда — ТИВ

Ўзбекистон Фаластин-Исроил можароси сабабли мураккаблашган вазиятдан жиддий хавотирда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида сўз боради.

«Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Фаластин-Исроил можароси ҳудудида тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келган ва бутун Яқин Шарқдаги вазиятни сезиларли даражада мураккаблаштирган ҳолат кескинлашганидан жиддий хавотир билдиради», — дейилади ТИВ хабарида.

Мамлакат курашаётган томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатларда тугатиш ва инқирозни сиёсий ҳамда дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш учун барча чораларни кўришга чақиради.

«Сўнгги воқеалар муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз ва барча жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз», — дея қўшимча қилган ТИВ.

Аввалроқ Ўзбекистон Тель-Авивдаги элчихонаси Исроилдаги ватандошларни эҳтиёт чораларини кўришга чақирганди. Шунингдек, Исроилда бўлиб турган фуқаролардан Ўзбекистонга учиш учун бемалол авиачипта олиши мумкинлиги билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Исроилга қарши минглаб ракеталарни учирган. Душанба куни эрталаб Исроилда қурбонлар сони 700 дан ошди, деб ёзди The Times of Israel. Исроил соғлиқни сақлаш вазирлиги 2382 нафар қурбон борлиги ҳақида хабар берди.