Ўзбекистонда сўнгги пайтларда энг кўп муҳокама қилинаётган янгиликлардан бири - "Ўзбекконцерт"нинг актриса ва бошловчи Нилуфар Ҳамидовага нисбатан тушунарсиз қарори билан боғлиқ жанжал бўлди. Амалдорларга унинг кўйлагидаги декольте ва қирқим ёқмаган. Нилуфар унда "Миллион" ҳазил гуруҳининг Россиядаги концертлари пайтида саҳнага чиққан. Изоҳларда одамлар бу муаммо уйлаб топилгани ва актрисанинг қиёфасида шармандали нарса йўқлигини ёзишган. Бундан ташқари, амалдорлар актрисага қандай асосда даъво қилишганига кўпчилик ҳайрон бўлган ва бизда декольте ва кўйлакдаги очиқ қирқим учун қонунчилик меъёрлари борми, дея савол беришган.
Мухбиримиз Нилуфар Ҳамидова билан учрашди ва амалдорларни ғазаблантирган ўша кўк либоснинг тақдири, Россияда гастроль сафари ва кейинги ижодий режалар ҳақида билиб олди.
- "Ўзбекконцерт"нинг панду-насиҳатлари қандай якунланди?
- Даставвал аниқлик киритмоқчиман, улар менинг лицензиямни олишмади, жаримага тортишмади, ҳеч қандай тақиқ қўйишмади. "Миллион" жамоаси раҳбари Даврон Қобулов ҳозирча танаффус олди, биз бундан кейин нима қилишимизни ҳали муҳокама қилмадик, аммо интернетда мен энди йигитлар билан бирга чиқмаслигимни ёзишмоқда. Аммо биз йил охиригача чет элда чиқишларни режалаштирганмиз.
Умуман олганда, мен телевидениеда ишлашни давом эттираяпман, сериаллар ва филмларда суратга тушаяпман, тадбирлар ўтказаяпман, қўшиқ ва рақс ижроси билан машғулман. Дарвоқе, қўшиқлар ҳақида гапирмоқчи эдим. Баъзи оммавий ахборот воситалари менга "уятли" композицияларнинг ижро этишимни айтишди, аммо қайси қўшиқларим эканлигини тушунтиришмади. Мен одатда ота-оналаримиз тинглаганлар ҳинд қўшиқларини, шунингдек, машҳур ўзбек композицияларини куйлайман, анъанавий келин-салом тўй маросимларида чиқаман. Шунинг учун улар қайси бирини "уятли"деб аташлари мавҳумлигича қолмоқда.
- Ушбу вазиятни ўзингиз қандай баҳолайсиз, амалдорлар артистнинг ижодий фаолиятини тақиқлаш ҳуқуқига эгами?
- Мен кўк либос билан боғлиқ вазиятда тақиқланган нарсани кўрмаяпман. Менимча, кўплаб амалдорлар буни ўзлари тушунишиб туришибди. Бундай танқид жамиятни ташвишга солишини ҳам тушуниш муҳимдир.
Биринчидан, бу оддий эстрада либослари учун артисткалар огоҳлантириш олишлари, лицензиядан маҳрум қилиш билан таҳдид остида қолишлари янгилик эмас. Иккинчидан, ҳаммамиз аёлларнинг "ўралиши" тобора авж олаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўзбекистонда қўшни Афғонистондаги воқеалар ҳам кузатилмоқда. Ростини айтсам, биз аёлларга тақиқ ҳақида қанчалик кўп гапиришса, келажагимиз учун шунчалик ташвишга тушамиз.
Кўпчиликнинг таъкидлашича, бу вазиятни саҳна кийимларининг ўлчамлари, узунлиги ва кенглиги билан боғлиқ маълум бир қоидалар мажмунини белгилаш орқали ҳал қилиш мумкин эмиш. Аммо буни "Ўзбекконцерт" қила олмаса керак. Бу расмий цензура бўлади. Ўзбекистон дунёвий давлат бўлиб, санъат ҳар доим маърифат вазифасини бажарган.
Актрисалар ҳар доим саҳна образига эга. Менинг очиқ кўк либосим фақат саҳнадаги ҳис-туйғуларни кучайтириш учун кийилган. Агар у шунчаки калта бўлса, унда ўйнаган миниатюра томошабинга бундай таъсир кўрсатмаган бўлар эди.
Биз томошабинларга шунчаки ҳаётдаги ҳамма нарсада мувозанат кераклигини етказмоқчи эдик. Айнан шу саҳнада "Биз очиқ гаплашамиз, лекин кўрсатмаймиз", - деган сўзлар бор. Кейин оёқларимни узун кўйлак билан ёпдим ва сахнадан чиқиб кетдим.
Мен ҳар доим айтаманки, агар аёл чиройли кўринса, унда эркаклар ҳаётда камроқ муаммоларга дуч келишади. Аёлларга эркинлик беринг, улар хоҳлаганча кийинсин, шунда зўрловчилар ва бузуқлар камроқ бўлади.
Қизиғи шундаки, кўк либосли ушбу видеодан сўнг, мени аёларнинг сувга тушиш либоси рекламаларида роль ўйнашга чақирашади, деб ўйладим, аммо негадир ҳижобни реклама қилишга чақиришни бошладилар. Мен аллақачон иккита дўкон билан ҳамкорлик қилдим.
- Ҳамкасбларингиздан бирор бири сизни қўллаб-қувватладими ёки аксинча, танқид тўлқинига дуч келдингизми?
- Менга тасалли берадиган бирор нарса ёзганларнинг аксарияти буни яширин-шахсий хабарлар орқали қилишди. Агар ошкора постлар остидаги шарҳларни ўқиб чиқсангиз, ҳамма қоралалаган.
Мени яна бир пиарда айблашди. Аслидан бу нотўғри, мен актрисаман ва жуда яхши кўрадиган ишимни қиламан. Бу шунчаки образга кириш санъати эди. Ҳар қандай ролни ўйнашни севиш лозим.
Бир йил олдин мен Chetki TV лойиҳасига интервю бердим. Ҳар доимгидек очиқ ва тўғри гапирдим. “Ютубе”даги ушбу интервью 6 миллиондан ортиқ маротаба кўрилufy. Ўшанда эр ва хотин муносабатлари ҳақида гапирганда, мен у ерда битта иборани ишлатганман.
Хусусан, мен "Турмуш ўртоқларнинг муносабатлари мустаҳкам бўлиши учун ҳар куни жинсий алоқа қилиш керак", - дедим. Натижада, ҳар хил оммавий ахборот воситалари ва блогерлар ушбу қисмни интервmюдан олиб ташлашди. Шундан сўнг, мени ҳақорат қилмаган киши қолмади. Мен бундай реакцияни кутмаган эдим. Одамлар ўрта асрларда яшаш учун қочиб кетишганга ёки ҳали ҳам балоғат ёшидагига ўхшайди, "секс" сўзи устидан кулиш, буни эшитиб тупуриш, “ахмоқмисан” дейиш айнан шу тоифадаги одамлар ёки ўрта асрларга хосдир.
Бироқ, жинсий алоқа табиий жараёндир. Нега тўсатдан ҳамма ундан уяладиган бўлди? Агар одамлар бу ҳақда яхшироқ ва кўпроқ билсалар эди, бизда нохуш воқеалар камроқ бўлар эди. Демак, бизнинг мамлакатимизда ҳали ҳам секс йўқ эканда…
Назаримда, шунинг учун жамиятда, оилалардаги муаммолар юзага келади. Зўравонлик, зўрлаш ҳақидаги янгиликларни ўқиганингизда, йиғлашингиз келади. Ахир фожиали воқеаларнинг аксарияти бизнинг тарбияда жуда кўп тақиқлар мавжудлиги боис юз беради. Қизлар жуда кўп "мумкин эмас", "ахир сен келин бўласан" мазмундаги сўзлар билан тарбияланади. Ўғил болаларни тарбиялашда ҳам жуда кўп хатоликлар мавжуд-ёки ҳамма нарса мумкин ёки қамоқдаги каби мумкин эса эмас. Кўчадаги хуштак чалиш ва қўполликнинг сабаби ҳам шундадир. Вояга етган қиз эса ҳамма нарсадан қўрқади, энг муҳими, у доимо “одамлар нима деркан”, деб яшайди.
Биласизми, мен саёҳат қилишни жуда яхши кўраман. Чет элда биз учун қизиқарли ва мутлақо янги нарсани, ҳатто барчага ҳам тушунарли бўлмаган бир нарсани билиб олдим. Бутун дунёда одамлар хоҳлаганча яшайдилар, улар ким ва нима қилаётгани, у ҳақида нима деб ўйлашлари ҳақида қайғурмайдилар. Биз эса қариндошлар, танишлар, дўстлар, ҳамкасблар, қўшниларнинг фикрига боғлиқмиз. Бу жуда халақит беради, бизда шундай умумий бир сифат бор – қоралаш.
Одам бир нарсани тушуниши керак - ҳамма нарса учун ўзи жавобгар бўлади. Менга тез-тез лаънатлар ёзадилар, қоралайдилар, лекин мен имонли одамман, барча ҳаракатларимни биламан ва улар учун жавоб беришга тайёрман. Шунинг учун мен ҳаммага – илтимос, ўзингиз учун гапиринг ва ўзингизни кузатинг, деб жавоб бераман. Эҳтимол, ҳар ким ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни зиммасига олсагина, чинакам маънавий ва маданий ўсиш бошланади.
Тақиқлар йўлидан эмас, балки маърифат йўлидан боришимиз керак. Мактабдан бошлаб болаларни ўргатиш, улар билан тақиқланган мавзуларда гаплашиш керак.
Интервьюда секс ҳақидаги сўзлар учун мени биринчи марта "Ўзбекконцерт"га чақиришди. Улар мен сексолог эмаслигим боис буни айтишга ҳаққим йўқлигини айтишди ва тушунтириш хати ёзишни сўрашди. Аммо мен ўз фикрим билан ўртоқлашдим холос.
- Агар мамлакатнинг энг сексуал санъаткорлари рейтинги мавжуд бўлса, сиз унга аниқ кирган бўлар эдингиз. Ва бу фикр нафақат менинг, балки кўплаб фойдаланувчилар ва томошабинларнинг фикридир. Бошқа мамлакатда бундай ажойиб фигурангиз учун аллақачон журнал муқоваларнинг биринчи саҳифасида бўлар эдингиз. Сизнинг махсус парҳезингиз борми?
- Калорияларнинг катта қисми иш пайтида ёқилади. Менинг катта плюсим шундаки, мен болалигимдан кўп овқат емайман. Лекин мазали таомни яхши кўраман!
- Илтимос, айтинг-чи, “Миллион” шоусига қандай кириб қолдингиз?
- Ўша очиқ суҳбатдан сўнг. "Миллион" ҳазил гуруҳи раҳбари Даврон Кобуловнинг ёрдамчиси мен билан боғланиб, ҳамкорликни таклиф қилди. Бу бир йил олдин эди, мен Наврўз шарафига анъанавий сумалак байрами уюштирдим. Ҳар йили оилам ва дўстларим учун бундай байрамни ташкил қиламан. Мен у ерда ҳар доим завқланаман.
Учрашувдан сўнг бизда бир нечта репетициялар бўлиб ўтди, "Халқлар дўстлиги" саройида чиқишлар бошланди. Бир мунча вақт ўтгач, йигитлар мени Фарғонага чақиришди, кейин Россиянинг олтита шаҳрида гастроль сафари бўлиб ўтди.
- Россия Федерациясида концертлар қандай ўтди?
- Ҳаммаси ажойиб бўлди. Бизни катта қизиқиш билан кутиб олишди. Биз Новосибирск, Красноярск, Самара, Екатеринбург, Москва ва Санкт-Петербургда бўлдик.
Айтмоқчиманки, "Миллион" жамоаси билан ишлаш катта завқ ва катта тажриба. Келажакда муносабатларимиз қандай бўлишини билмайман-у, лекин бу тажриба учун йигитлар ва Даврон Қобуловдан жуда миннатдорман. Баъзида кулгидан ичак узиларди, аммо бунинг ортида шундай улкан меҳнат турибди. Жамоатчилик буни билмайди. Ҳазилни ўйлаб топиш ва уни халққа ёйиш жуда оғир меҳнат ҳисобланади.
"Миллион" туфайли ҳаётимда ижодкорлик учун жуда кўп ижобий ҳис-туйғулар ва қувват пайдо бўлди. Болалар билан ҳамма нарса ҳар доим жуда осон эди.
Россиядаги баъзи концертларда одамлар ҳеч бўлмаганда залда тик туриш, бизни жонли эшитиш учун пул тўлашди. Олтита шаҳарнинг барчасида зал ичида бўш жой йўқ қолмади. Афсуски, ушбу воқеа ҳақида оммавий ахборот воситалари ёзмаган.
- Нилуфар, сиз тўйларда ҳам бошловчилик қиласиз. Бошловчи аёллар қандай фазилатларга эга бўлиши керак? У ерда ҳам биров тегажонлик қилиши мумкинку?
-Турчи вазиятлар бўлади. Баъзида маст фуқаро дуч келади ва бутун кеча давомида тинчлик бермайди. Яхши томони шундаки, мен ҳар доим мусиқачилар жамоамиз билан ишлайман ва менинг йигитларим жуда бақувват. Улар дарҳол бундай "мухлислар" ни четга суришади.
Биласизми, мен ўтказган биринчи байрамни эсладим. Ўшанда мени таниқли бошловчи Анвар Мирзо таклиф қилди. Кейин ўйладим, бунинг нимаси ёмон? Осонку ахир! Мен чиройли кийим топдим, бўяндим, сочларимни чиройли қилиб тахладим. Саломлашишни ва бир-икки сўзни ёдлаб, машинага ўтирдим ва бордим. Мен ресторангача борганимда бир неча дақиқа давомида ҳаяжон билан кучли иситма пайдо бўлди.
Мен дастурни бир амаллаб ўтказдим, бошловчининг ёнида турдим, деса ҳам бўлади. Шундан сўнг Анвар: "Ҳали ўз устингизда кўп ишлашингиз керак", - деди. Бироқ, адреналин шунчалик кўп эдики, буни қайта ва янгича амалга оширишни истадим. Шундай қилиб, мен тўйларда бошловчи бўлдим. Аста -секин ўз дастуримга қўшиқлар ва рақсларни киритдим.
Янги бошловчи учун муҳим фазилатларга келсак, ўзингизга жуда ишончли бўлишингиз керак, яхши нутққа эга бўлиш, албатта, ижодий йўлнинг бошида сўзларни ёдлаш лозим. Импровизация кейинчалик келади. Айнан қачон келишини айтиш қийин. Ҳаммада ҳар хил.
- Қизларингиз ҳам ижодга мойилми?
- Катта қизим Тошкентдаги Вебстер университетининг талабаси, иккинчи қизим менинг изидан бориб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олмоқда. У ҳамма нарсани тушунади, хулосалар чиқаради. Яна иккита болам мактаб ўқувчилари.
Айтишим мумкинки, янги авлод бошқача, болаларимиз биздан кўра жасурроқ. Умуман олганда, уларнинг барчаси ижодга қизиқади. Турмуш ўртоғим ва мен ҳар доим уларнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз.
- Турмуш ўртоғингиз кўйлак билан боғлиқ жанжалга қандай муносабатда бўлди?
- Хавотирланган ва ҳали ҳам хавотирланмоқда. Аммо, мен унга ҳар доим ижод одами эканлигимни, саҳнасиз яшай олмаслигим ва уятли иш қилмаётганимни айтаман. Агар унинг улкан муҳаббати ва ҳурмати бўлмаганида, мен қийналиб қолган бўлардим. Умуман айтганда, ҳаёт давом этмоқда, олдимда жуда кўп ижодий режалар турибди.
- Кўпчилик бобонгиз ўзбек мусиқа маданиятига катта ҳисса қўшганлиги билмайди. У биринчилардан бўлиб мамлакатимизга афғон рубобини олиб келган ва уни чалишни ўргатган.
- Отам тарафидан бобом-Умаржон Ҳамидов ҳақиқатан ҳам кўплаб шогирдларни тарбиялаган. Бир нечта мусиқа асбобларини чалган. Бувим Роҳатой Маннонова Тамара Хоним ва Гавҳар Раҳимова билан ишлаган. У биринчи хонанда аёллардан бири, мумтоз "Салламно"қўшиғини куйлаган.
Уйимизда доимо ижодий муҳит бўлган. Дадам киностудияда Али Ҳамроев, Исамат Эргашев, Музроб Боймуҳамедов ва бошқаларнинг фильмларида картина директори бўлиб ишлаган. У саккизта мусиқа асбобини чала олган ва тўрт тилда гаплашган. Уйдаги байрамлар ҳар доим "Ўзбекфильм"дан олиб келинган либослар билан ўтарди. Бир куни отам Амир Темур либосини кийди, Тошкентда фильмни суратга олишга тайёргарлик кўраётган эди. Бу болалигимнинг энг ёрқин хотираларидан биридир.
Онам ҳам театр институтининг талабаси бўлган, лекин турмушга чиққандан кейин ўқишни ташлаган. Кейин менга ҳам ҳеч қачон турмушга ботиб қолмаслик лозимлигини айтарди. Аёллар ҳаётда ўз ўрнини топиши керак.
Болалигимда раққоса бўлишни орзу қилардим. Эсимда, мен ҳамма жойда рақсга тушардим ва ҳинд қўшиқларини куйлардим. Ҳатто кўчада оёқ кийимларимни ечиб, рақсга тушишим мумкин эди. Бироқ, ота-онам профессионал равишда бу йўлдан боришга рухсат бермадилар, шунинг учун мактабдан кейин санъат ва маданият институтининг режиссёрлик факултетига ўқишга кирдим.
Кейин "Кино санъати" йўналиши бўйича магистратурани тамомладим. Мен қарийбки фан докториман. Шундай қилиб, аспирантурада ўқиётганимда ҳимоя қилишга улгурмадим, чунки маданият ва санъат тизимида бу бекор қилинди. Ишни дарҳол докторлик диссертациясигача "пишириш" керак эди. Бу жуда кўп вақт талаб қилди ва мен фаол ижодий фаолият олиб борганим сабабли, бу ишни тўхтатиб қўйдим. Умид қиламанки, илмий ишларга қайтаман.
Талабалик йилларимдан ишлай бошладим. Аввал институтнинг ўзида, кейин телевидениеда фаолият юритдим. Айтганча, телевидение туфайли мен "Туташ такдирлар" фильмига суратга тушдим. Сочларим ерга тегарди ва бир куни кассеталарни каналлар бўйлаб тарқатаётганимда, режиссёр мени кўриб қолди ва синовларга таклиф қилди. Бу роль мени бутун мамлакат бўйлаб машҳур қилди. Ўшандан бери мени "узун сочли келин” деб аташади.
Шундан сўнг кўплаб ролларни ўйнадим, лекин кўпчиликнинг ёдида айнан шу қолган. "Секс" сўзи ва очиқ кўйлак билан боғлиқ жанжал бўлганида, кўпчилик "фильмда унга қайнонаси танбеҳ бергани бежиз эмаскан, у аслида ким эканлигини кўринг", деб ёзган. Мени ҳали ҳам биринчи сериалдаги бош қаҳрамон билан боғлашади. Ҳаётда эса мен мутлақо бошқача инсонман.