Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда бир вақтнинг ўзида бутун жамиятни ларзага келтирган иккита шов-шувли воқеа юз берди. Гап Тошкентнинг Сергели туманидаги портлаш ва "Антиструмин" препарати билан боғлиқ бўлган болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳақида кетмоқда. Ушбу воқеалар бўйича тергов қандай кетаяпти ва нима учун расмийлар барчани ташвишга соладиган маълумотни ошкор қилишмаяпти?
Оммавий ахборот воситаларида ва блогерлар учун сўз эркинлиги ҳақида бонг урилсада, мамлакатда кўпинча амалдорлар ва аҳоли ўртасидаги алоқа билан боғлиқ муаммоларга дуч келамиз. Гап ахборот эркинлиги ҳақида кетаётгани тушунарли бўлса керак. Афсуски, бу борада ҳали муаммолар талайгина экан. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда, бу ерда ҳар куни матбуот анжуманлари ва вазирликлар брифинглари ўтказилади. Бироқ, муаммо ҳал қилинганича йўқ.
Барча оммавий ахборот воситалари "Антиструмин" йод препаратини ишлаб чиқарадиган Samo компаниясига нисбатан текшириш бошланганини ёзган эди. Табиий савол туғилади - текшириш қачон тугайди ва унинг натижалари эълон қилинадими? Ёки фармацевтика хавфсизлиги маркази ўзини соғлиқни сақлаш вазирининг ёрдамчиси деб таништирган бир кишининг “катта одамларга чиқмаслик учун бу ишни ковламаслик керак”, деган маслаҳатига қўшиладими?
Сергели туманидаги портлаш масаласи нима бўлганини билишга ҳақлимиз. Наҳотки, терговнинг оралиқ натижаларини эълон қилишнинг иложи бўлмаса? Расмий маълумотларнинг етишмаслиги ижтимоий тармоқларда миш-мишларни кўпайтиради. Ёки расмийлар бир-икки йил ичида Сардоба воқеалари каби ҳаммаси унутилишига умид қилишадими? Дарвоқе, тўғоннинг қулаши учун бир нечта айбдорларга оид кичиккина хабар эълон қилинганди, гарчи бу фойдали келишувни тақсимлашнинг коррупцион схемаси эканлигини ҳамма тушуниб турибди.
Аэропорт яқинидаги кўприк қурилиши пайтида қулаб тушган устунлар масаласи нима билан тугади? Яна сир ва сукунатми? Ўртоқ Сталин айтганидек, ҳар бир авариянинг исми ва фамилияси бор. Биз репрессия тарафдори эмасмиз, аксинча такрорланмаслик учун воқеа сабабларини аниқлаш учун ошкораликни сўраяпмиз холос.
Юнусобод метро линияси иккита бекатининг ёпилиши сабаблари ҳақида ҳам ҳеч нарса айтилмади, бу энг ақл бовар қилмайдиган миш-мишларни келтириб чиқармоқда.
Тошкентнинг янги ҳокими режалар ва устуворликлар бўйича ўз нуқтаи назарини билдирганича йўқ, биз эса тирбандликлар, чанглар, боғлар ва яшил майдонлар, ёмғирлар пайтидаги сув тошқини, қишда музламаслик истиқболлари ва бошқа шу каби муаммолар тўғрисида унинг фикрини билишни истардик.
Дарсликлардаги хатоларни ҳеч ким унутгани йўқ, аммо Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан бирор киши чиқиб, "ҳа, хатолар бор, тан олайлик, нима қилиш мумкинлигини биргаликда кўриб чиқайлик", дегани йўқ.
Умуман хулоса қилиб айтганда, давлат идораларининг маълумот бериши кўнгилдагидек эмас, бу нафақат миш-мишларни келтириб чиқаради, балки ҳокимиятга ишончсизликни юзага келтиради.
Хуллас, агар ақлли тилда гапирадиган бўлсак, муаммо амалдорларнинг аҳоли билан алоқа қилмаслигидан иборат, агар оддий тилда сўзлашсак - ўзбекистонликларга нисбатан одатий ҳурмат кўринмаяпти.